Келгусида Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳонларни қабул қиладиган хусусий марказлар очилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) матбуот хизмати хабар беради.
Президентнинг «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилди. Мазкур марказларда имтиҳонлар тўлиқ инсон факторидан холи тарзда, автоматлаштирилган электрон тизим орқали қабул қилинади.
«Бу халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган коррупция ҳолатларининг чек қўйилишига кўмак беради», — дейилади бошқарма матбуот хизмати хабарида.
Шу билан бирга, имтиҳон жараёни ЙҲХББ вакилининг иштироки ёки онлайн назорати остида ўтади.
Ҳукуматнинг ПП-4913 қарорига мувофиқ, имтиҳон учун тўлов миқдори марказлар томонидан мустақил равишда ўрнатилади, тушган маблағлар тўлиқ уларнинг ихтиёрида бўлади. Имтиҳонни яхши топширган шахсга махсус ҳимояланган сертификат топиширилади ва унинг асосида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш мумкин бўлади.
Бундан аввал, 2022 йил 1 мартдан Ўзбекистонда биометрик паспорт ёки ID-карта билан автомобиль бошқариш мумкинлиги тўғрисида хабар берилганди. ЙҲХББ ходимлари ҳайдовчиларга оид маъулумотларни планшет ёки компьютер ёрдамида текширадилар.