Жаҳон банки Афғонистон учун музлатилган маблағларидан $280 млн ажратади

Афғон мактаб ўқувчилари. Facebookдаги фотосурат

Жаҳон банки (ЖБ) бошқарув ҳайъати Афғонистонни қўллаб-қувватлаш мақсадида унинг музлатилган маблағларидан $280 млн ажратишга қарор қилди. Маблағ «Толибон»* ҳаракати ҳукуматни қўлга олганидан сўнг мамлакатда юз берган кризис пайтида афғон халқига кўмак бераётган БМТнинг Халқаро озиқ-овқат дастури ва Болалар фонди (ЮНИСЕФ)га ўтказилади, деб хабар беради Reuters ахборот агентлиги.

Жаҳон банки томонидан бошқариладиган Афғонистонни реконструкция қилиш траст фондининг (ARTF) 31 та донори ушбу маблағни тасдиқлаши лозим. Донорлар учрашуви (уларнинг орасида энг йириги — АҚШ) 3 декабрда бўлиши кутилмоқда. ARTF ҳисоботида Афғонистон учун $1,5 млрд миқдорида маблағ кўрсатилган.

АҚШ ҳукумати афғон активларини, Жаҳон банки ва Халқаро валюта фонди (ХВФ) Афғонистон иқтисодиёти ва бошқаруви учун мўлжалланган пулларни толиблар қўлига тушиб, бошқа мақсадларда сарф қилинмаслиги учун музлатиб қўйганди. Россия, Хитой, Покистон ва МДҲ давлатлари АҚШ санкцияси афғон халқига гуманитар кўмак берилишига тўсиқ бўлаётганини айтиб, мазкур маблағларни озод қилинишини сўрашмоқда.

БМТ ҳарбий можаро ва очарчиликдан азият чекаётган мамлакатлардаги 183 млн инсонга тезкор ёрдам кўрсатилиши учун $41 млрд ажратилиши сўраб чиқди. Афғонистон, Сурия, Яман, Эфиопия ва Судан мамлакатлари кўпроқ молиявий кўмакка муҳтож. Ҳозирда биргина Афғонистон эҳтиёжи учун $4,5 млрд маблағ талаб этилади, дейилади БМТ баёнотида.

Бугунги кунда Афғонистондаги иқтисодиёт ва банк тизими таназзул ёқасига келиб қолган, мамлакатнинг 40 миллионли аҳолиси озиқ-овқат танқислиги ва тиббий ёрдам йўқлигига дуч келган. БМТ прогнозларига кўра, бу йилги қишда 23 млн одам, жумладан 5 ёшгача бўлган 3,2 млн болакай азият чекади, бир миллионга яқин гўдак ҳалок бўлиши мумкин. Мамлакатда нақд пул етишмаслиги сабаб БМТ агентликлари ўқитувчиларга, врачларга, камбағал оилаларга пул тарқата бошлади.

БМТ агентликлари Афғонистон халқига кўмак беришни кучайтирмоқдалар, лекин талофат ва эҳтиёжнинг кўлами жуда кенг. БМТ Халқаро озиқ-овқат дастурининг очарчилик домига тушган 23 млн афғон аҳолисини қўллаб-қувватлаши учун ойига $220 млн маблағ зарур бўлади.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ