Афғонистонда ҳукуматни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати Ўзбекистон билан биргаликда ўзбек ва афғон халқлари тарихи, маданиятида улкан из қолдирган буюк аждодлар қўним топган масканларда ободонлаштириш ишларини олиб боришга тайёрлигини билдирди. 30-ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация Муваққат ҳукумат вакиллари билан олиб борган музокараларда мана шу масалалар ҳам кўрилди, деб хабар беради Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
«Афғонистоннинг янги ҳукумати Ўзбекистон билан биргаликда икки мамлакат халқларининг буюк аждодлари – Алишер Навоий (Ҳирот), Заҳириддин Бобур (Қобул), Абу Райҳон Беруний (Ғазна) ва Бобораҳим Машраб (Таҳор) қўним топган масканларда ободонлаштириш ишларини олиб боришга тайёрлигини билдирди. Мамлакат мактаблари ва олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади», — дейилади ТИВ хабарида.
Бундан ташқари, учрашувда Ўзбекистон томонидан электр энергиясини узлуксиз етказиш, Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегараси иш тартибини давом эттириш, Мозори Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклашга кўмаклашиш, инсонпарварлик ёрдамини ўз вақтида кўрсатиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берилди. Афғонистон томони Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган Сурхон – Пули-Хумри электр узатиш линияси ва Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли қурилиши каби инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни имкон қадар тезроқ бошлашга тайёрлигини тасдиқлади.
Таъкидлаш жоиз, гарчи Ўзбекистон ҳукумати толиблар ҳукуматини тан олмаган бўлсада, Тошкент ва Қобул ўртасида мунтазам мулоқотлар бўлиб ўтмоқда. 7 октябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон пойтахтига ташриф буюрди. Ноябрда Исматулла Иргашев Балхда Афғонистон муваққат ҳукуматининг Авиация ва Транспорт вазирлари билан музокаралар олиб борди.
Ўзбекистон собиқ афғон ҳукумати даврида келишилган лойиҳаларни амалга ошириш ниятида, шунингдек у толиблар ҳукуматга келганидан сўнг мамлакатда вужудга келган оғир гуманитар муаммоларни ҳал этилишида ҳам яқиндан ёрдам бермоқда.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатлар томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).