Qatar Airways авиакомпанияси 2022 йил январь ойидан Ўзбекистонга авиапарвозларини бошлайди. Доҳа — Тошкент йўналиши бўйича биринчи рейс 17 январга мўлжалланган, деб хабар беради авиакомпания матбуот хизмати.
Ҳафтанинг душанба ва жума кунлари маҳаллий вақт билан соат 18:55 да Доҳадан самолётлар учади ва Тошкентга соат 00:30 да қўнади. Ортга парвозлар сешанба ва шанба кунларига белгиланган, учиш соат 01:50 да, қўниш соат 04:00 да.
«Биз Марказий Осиёда юз бераётган улкан ривожланишга гувоҳ бўлмоқдамиз ва Тошкентга уюштириладиган рейслар савдо имкониятларининг кенгайишига, сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилади. Бундан буён тошкентлик йўловчилар дунёнинг энг яхши Ҳамад аэропорти орқали 140 дан ортиқ йўналиш бўйича парвоз қилиш имкониятига эга бўладилар», — дейди Qatar Airways Group бош директори Акбар Ал Бейкер.
Qatar Airways 7 август куни Ўзбекистонга мунтазам авиапарвозлар уюштириш рухсатига эга бўлди. Бунда икки мамлакат ўртасида ҳаво алоқаларини ўрнатиш бўйича ҳукуматлараро келишувнинг имзолангани сабаб бўлди. Авиакомпания йўловчиларни Airbus 320, Airbus 321, Airbus 350, Boing 777 ва Boing 787 самолётларида ташийди.
Qatar Airways авиакомпанияси World Airline Awards 2021 қўрик танловида «Йилнинг энг яхши аваикомпанияси» деб эълон қилинди. У олтинчи маротаба дунёнинг энг яхши компанияси деган унвонга сазовор бўлмоқда. Ҳамад халқаро аэропорти ҳам Skytrax World Airport Awards 2021 версияси бўйича «дунёнинг энг яхши аэропорти» деб тан олинган.