2022 йил 1 мартдан Ўзбекистонда биометрик паспорт ёки ID-карта билан автомобиль бошқариш мумкин. 30 ноябрь куни президент томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш қонунида мана шундай қоида жорий этилади.
«Агар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ёки консуллик муассасалари томонидан берилган биометрик паспорт ёки идентификация ID -картаси бўлса, ҳайдовчидан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжат, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлари, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, унинг эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи, транспорт воситаси эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисини ўзи билан олиб юриш талаб этилмайди», — дейилган Маъмурий жавобгарлик кодексининг 135-моддасига киритилган қўшимчада.
Ҳозирда юқорида кўрсатилган ҳужжатлар ўзи билан олиб юрилмаганлик учун битта БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори — 270 минг сўм ёки $25) миқдорида жарима ундирилади.
Таъкидлаш жоиз, бугуннинг ўзида транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчилар қулоқчин ва бошқа қўлни банд қилмайдиган гарнитуралардан фойдаланиши мумкин.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига 2022 йил 1 мартига қадар ҳайдовчиларнинг биометрик паспорт ёки ID-карталарини планшет ва компьютер ёрдамида электрон текшириш тизимини жорий этиш вазифаси топширилди.