Адлия вазирлиги Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевнинг 27 ноябрь куни валюта айирбошлаш шахобчасини тополмагани оқибатида 50 долларни «қора бозор»да сотганига муносабат билдирди.
Шу куни Кушербаев 100 АҚШ доллари купюрасининг 50 долларини алмаштирмоқчи бўлади, бироқ валюта айирбошлаш шахобчалари ишламайди, банкомат эса қайтимини қайтариб бермайди. Депутат мазкур шахобчалар дам олиш кунлари ишламаслигидан норози бўлиб, Марказий банкни масъулиятсизликда айблайди ва «қора бозор»га бориб қоида бузишга мажбур бўлишини таъкидлайди.
Адлия вазирлиги депутатнинг амалдаги қонунчиликни намойишкорона бузганини кескин қоралади.
«Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган юқоридаги қоидалар ва қонун талаблари кимгадир қулайлиги ёки қулай эмаслиги, ёқиши ёки ёқмаслиги, унинг фикридан, қарашларидан ва ижтимоий мақомидан ёхуд ҳафтанинг қайси куни эканидан қатъий назар бажарилиши мажбурийдир», — дейилган вазирлик хабарида.
Лекин депутат Расул Кушербаев томонидан қонун билан жавобгарлик белгилаб қўйилган ҳуқуқбузарликни била туриб содир этиб, бу хатти-ҳаракатини кенг оммага намойишкорона маълум қилиниши жамиятни қонун устуворлиги томон эмас, тескари томонга чорлади, ноқулай пайтда қонунларни бузиш мумкин, ёқмайдиган талабларга кўз юмса бўлади, жавобгарликдан қўрқмайман деган энг нотўғри ва асоссиз сигнални жамиятимизга юборди, дейилади вазирлик хабарида.
«Айниқса, бу ҳаракатлар, қонун қабул қиладиган энг олий орган вакили томонидан, ўзи қабул қиладиган қонунларга риоя этилишини тарғиб қилиши керак бўлган масъул инсон томонидан содир этилгани энг ачинарли ҳолатдир. Келажакда ҳурматли депутат қонун устуворлигини бошқалардан талаб қилганда, ўзининг ушбу ҳаракатларини жамият аъзолари унга эслатишлари аниқ», — дейилади хабарда.
Адлия вазирлиги Кушербаевни ҳуқуқий нигилизмда айблаб, уни қонун устуворлиги принципига бўйсунишга чақиради. Шунингдек, вазирлик депутатга «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 11 моддасида келтирилган «депутат одоб қоидаларига қатъий риоя этиши лозимлиги, депутатнинг ўз мақомидан жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зиён етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмаслиги» талабини эслатиб ўтади.
Расул Кушербаев – мунтазам равишда ижтимоий тармоқлардаги саҳифа ва каналларида жамиятдаги оғриқ мавзуларини ёритиб келаётган Ўзбекистон парламенти депутати ҳисобланади.