Профилактика инспекторларини вазифасидан ташқари ишларга жалб қилиш тақиқланади

Sputnik сайти фотосурати

Ўзбекистон Ички ишлар тизимидаги профилактика (участка) инспекторларини вазифасидан ташқари тадбирларга жалб қилиш тақиқланади. «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонида мана шу ҳақда сўз юритилади.

Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан эътиборан Тошкент шаҳар ички ишлар органлари, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб қолган ҳудудий ички ишлар органлари профилактика катта инспектори лавозимларига фақат олий юридик маълумотга эга бўлган ходимлар тайинланади.

Профилактика инспекторлари учун Ички ишлар вазирлиги Академияси сиртқи таълимига қабул қилинадиган ходимлар умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида қабул квотаси ажратилади. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, фаолиятида юқори натижаларга эришган Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар органларидан иккитадан, қолган ҳудудий ички ишлар органларидан биттадан профилактика инспектори Департамент бошлиғи тақдимномасига асосан Ички ишлар вазирлиги Академиясининг сиртқи таълимига имтиҳонларсиз қабул қилинади ҳамда бепул ўқитилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 мартга қадар тасдиқланган меъёрларга асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан камида биттадан туманлараро патруль-пост хизмати бўлинмаларини ташкил этилади.

2022 йил 1 майга қадар бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ички ишлар органлари конвой фаолиятига конвой остидаги шахсларни электрон браслетлар орқали назорат қилиш тизимини жорий қилинади.

Оммавий тадбирларни ўтказишда ҳамда истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бозорларда жамоат тартибини сақлашни ташкил этиш бевосита Миллий гвардия бўлинмалари томонидан амалга оширилади. 2022-2023 йилларда туман ички ишлар органлари таркибидаги конвой бўлинмалари босқичма-босқич вилоят ички ишлар органларининг бевосита бўйсунувига ўтказилиб, ягона бошқарув тизими асосида туманлараро хизмат ўташ тамойилига мувофиқ қайта ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясида 2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси, жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланган.

Бундан олдин ички ишлар органига қарашли таян пунктлари профилактика инспекторларининг вазифалари кенгайтирилган эди. Уларга болаларни тарбия қилиш ва уларни ўқитишга доир мажбуриятларнинг бажармаслиги, никоҳ ёшига доир қонунчилик бузилиши, ҳайдовчилар томонидан транспорт васиталарини бошқариш қоидаларининг бузилиши, вояга етмаган ёшларнинг тунги кўнгилочар масканларда бўлиши ва бошқа маъмурий қоидабузарликларни кўриб чиқиш ҳуқуқи берилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ