«Афғон Мона Лизаси» Италиядан қўним топди

Шарбат Гула ўзининг машҳур сурати олдида. ВВС сюжетидан кадр

«Афғон қизи» ёки «Афғон Мона Лизаси» номи билан машҳур Афғонистон фуқароси Шарбат Гула Италияга эвакуация қилинди. Бу ҳақда 25 ноябрь куни Италия ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

«Август воқеаларидан сўнг қатор жамоат ва халқаро ташкилотларнинг Гуланинг мамлакатни тарк этишига доир қилган мурожаатларини инобатга олиб, Италия Вазирлар маҳкамаси афғон фуқароларини эвакуация қилиш дастури доирасида аёлни Римга кўчиришни ўз зиммасига олди», — дейилади Италия ҳукумати пресс-релизида.

Ҳозир Шарбат Гула деярли 50 ёшга кирган. 1984 йили фотожурналист Стив Маккарри қизни афғон-покистон чегарасидаги қочқинлар лагерида суратга олади, қиз қишлоғига уюштирилган босқинчиликдан сўнг етим қолганди. Кўзлари яшил қизнинг ўткир нигоҳи акс этган фотосурат National Geographic журналида чоп этилади ва қочқинлар тимсолига айланади. Бу сурат қаҳрамонини «Афғон қизи» ёки «Афғон Мона Лизаси» дея атай бошлайдилар.

Машҳур журнал 2012 йили архивидаги мазкур суратни Нью Йоркдаги Christie's аукцион уйида савдога қўяди ва сурат ўз нархидан тўрт баробар қўп нархда, яъни $178,9 мингга сотилади.

Шарбат Афғонистонга қайтгач, турмушга чиқади, тўртта қиз кўради (улардан бири вафот этади). У дунёга машҳур бўлиб кетганини билмасди. Қиз исмини ёзиб олган сураткаш Маккарри орадан 17 йил ўтиб, аёлни қидиради ва 2002 йили яна уни суратга олади. Биринчи ва иккинчи сурат дунёнинг кўпгина шаҳарларида ўтказилган кўргазмаларда иштирок этади.

2014-2016 йиллари Шарбат Покистонда яшайди. Покистон суди аёлни ноқонуний истиқомат қилишда айблайди. Пешоварда аёлни ҳибсга олишади. Шарбат ноқонуний яшагани учун 14 йил қамоқ жазосига маҳкум бўлиш хавфи остида қолади. Бироқ, оқибатда суд аёлга нисбатан 15 кунлик қамоқ жазоси, жарима солиш ва Покистондан чиқариб юбориш қарорини қабул қилади. Машҳур қочқин аёлга Қобулда собиқ ҳукумат уй-жой бермоқчи бўлади.

Афғонистонни НАТО ҳарбий қўшинлари тарк этганидан сўнг ҳукумат тепасига «Толибон»* радикал ҳаракати келгач, очлик ва респессияга йўлиққан минглаб афғонлар мамлакатни тарк эта бошладилар. Август ойида гуманитар рейслар орқали Қобулдан 5 мингта афғон Италияга кўчирилди. Италия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, кейинчалик Қобул аэропортидан Италияга одамларни кўчириш амалиёти ўтказилмаган. Бироқ, бошқа гуманитар каналлар ва Афғонистонга қўшни малакатлар орқали ҳамон афғон қочқинлари Италияга кўчиб ўтмоқдалар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ