Собянин коммунал хўжалик соҳасида мигрантлар сонини қисқартиришга чақирди

Сергей Собянин УКХ ишчиси билан.Mos.ru сайти фотосурати

Москва мэри Сергей Собянин коммунал хўжалик соҳасидаги мигрантларни қисқартириш учун резерв мавжудлигини маълум қилди. Пойтахт уй-жой коммунал хўжалигининг йирик корхоналарида чет эллик ишчилар деярли йўқ, деди пойтахт ҳокими РИА Новости агентлиги билан суҳбатда.

«Бизда йирик коммунал корхоналарда мигрантлар деярли йўқ. Улар кам иш ҳақи тўланадиган, қора меҳнатга таянган давлат бюджет корхоналари даражасида қолган. Лекин, менимча, у ерда ҳам мигрантлардан воз кечиш учун резерв мавжуд», — деди Собянин.

Бундан олдин Собянин Москвада реновация дастури дотирасида олиб борилаётган қурилишларда ишчи мигрантларни қисқартириш бўйича топшириқ берганди. 17 ноябрь куни Бауман кўчасидаги янги уйни кўздан кечириш пайти мэр қурилиш майдонларида «бошқача ойлик ва бошқа сифатдаги одамлар» керак эканини айтиб, «Крост» пудратчи фирма бош директори Алексей Добашинга яқин регионлардан россияликларни ишга жалб қилишни таклиф қилди. Орадан тўрт кун ўтиб, 21 ноябрь куни Собянин Москва қурилишларидаги мигрантлар сони икки баробарга қисқарганини айтди, маҳаллий ишчиларнинг чет элликларга кўра мутахасислиги юқори бўлишига урғу берган ҳолда.

«Биз шаҳар лойиҳаларидан мигрантларни сиқиб чиқариш борасида доим изланишдамиз. Чунки, россиялик мутахасислар, москваликлар ва бошқа регионлардан келганлар ушбу соҳаларда доим ишлайдилар. Уларнинг мутахассислик даражаси ўзгача», — дейди Собянин.

Москва мэрининг қурилиш бўйича ўринбосари Андрей Бочкарев ноябрь ойи бошида пойтахт қурилишларига мигрантларни жалб қилишдан воз кечиш режаларини гапирганди. Миллий қурувчилар уюшмасининг (НОСТРОЙ) раҳбари Антон Глушков Москванинг чет эллик ишчилардан воз кечиш режаси фақат 5-7 йилдан сўнг амалга ошиши мумкинлигини таъкидлади. У қурилишларга бошқа давлатлардан арзон ишчи кучини жалб қилиш дунё бўйича трендда экани, қурилиш таннархига таъсир этувчи омил эканини айтади. Шу билан бирга НОСТРОЙ ноябрдан қурилишда ишлайдиган мигрантларни мутахассислик имтихонидан ўтказишини маълум қилди.

Таъкидлаш жоиз, Россияда пандемия туфайли чегараларнинг ёпишили оқибатида қурилишларда ишчи кучининг етишмаслиги катта муаммога айланди. 2020 йил ноябрда Бош вазир ўринбосари Марат Хуснуллин меҳнат ресурсларининг етишмаслиги «хавф солар миқёсда» кенгайиб бораётганидан огоҳлантирган эди. Пандемиянинг турли даврларида Қурилиш вазирлиги 1,5 дан 5 миллионгача ишчилар етишмаётанини таъкидлаган. Худди шундай вазият қишлоқ хўжалигида ҳам мавжуд. Мавсумий дала ишларига ишчи кучи етишмайди. Эҳтиёжни бир қадар қисқартириш учун Россияга ўзбекистонлик ишчиларни чартер поезлари билан олиб келишга қарор қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ