Давлат имтиҳонидан йиқилган талаба ярим йилдан сўнг уни қайта топшириши мумкин

Reuters фотосурати

Якуний давлат аттестасия синовидан ўта олмаган талабалар кейинги ҳар бир ўқув йилида (3 йил давомида) ўз аризасига мувофиқ 2 мартагача имтиҳонни қайта топшириш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар беради. Адлия вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестасияси тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи буйруғи давлат рўйхатидан ўтказилди.

Авваллари давлат имтиҳонини қайта топшириш учун бир йил кутишга тўғри келган.

Агар талаба ажратилган вақт ичида давлат имтиҳонини қайта топшира олмаса, у ҳолда унга диплом ўрнида академик сертификат топширилади. Ушбу ҳужжат тўлов асосида битирув курсига тикланишга имкон беради.

Бундан олдин 2022/2023 ўқув йилида олий таълим муассасига киришда абитуриентларнинг мактабдаги баҳолари инобатга олиниши тўғрисида хабар берилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ