Мирзиёев қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтиришга эътибор қаратди

Шавкат Мирзиёев. President.uz сайти фотосурати

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм, Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Фарғона вилоятларида жами 900 мегаваттли яна 5 та қуёш электр станцияси барпо этилишига муҳим эътибор қаратиш лозимлигига урғу берди. Ушбу объектлар 2022 йилда ишга тушиши керак, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш ва соҳани ривожлантириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда 2026 йилга қадар Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари умумий қувватини 8 минг мегаваттга етказиш вазифаси қўйилди. Аввалли бундай мақсад 2030 йилга мўлжалланган эди.

Йиғилишда ушбу мақсад йўлидаги вазифалар, лойиҳаларни амалга оширишнинг молиявий ва ташкилий жиҳатлари муҳокама қилинди. Президент йирик саноат корхоналари ҳам ўз таъминоти учун қайта тикланувчи энергия манбалари ташкил этиши зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларнинг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишини қўллаб-қувватлаш кераклиги айтилди. Келгусида қуриладиган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш учун бутловчи қисмлар ва материалларни юртимизда ишлаб чиқариш орқали ҳам лойиҳаларни арзонлаштириш, ҳам маҳаллий корхоналар учун бозор яратиш мумкин. Шу боис бундай маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

«Бўлажак электр станцияларини сифатли ишлатиш учун малакали муҳандис ва ходимлар ҳам зарур. Бу ишларни ҳозирданоқ бошлаш муҳим», — деди давлат раҳбари ва Навоий шаҳрида кадрлар тайёрлаш марказини ташкил этиш, олий таълим муассасаларидаги ўқув дастурларини замонавий талаблар асосида янгилаш юзасидан кўрсатмалар берди.

Ўзбекистонда «яшил» энергетикага ўтиш борасида катта ишлар бошланган. 2019 йил 21 майда “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида” қонун қабул қилиниб, соҳа ривожига асос яратилди. Хорижий инвесторлар жалб этилиб, кўплаб истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилди. Жорий йил августда Навоий вилоятида Ўзбекистондаги илк қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Декабрь ойида Самарқандда яна бир шундай станция фойдаланишга топширилади. 2022-2024 йилларда 3 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига, жами қуввати қарийб 3 минг мегаваттли 10 та қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ