Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мизаев мутасаддилардан ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни ўрганишни ва журналистлар билан очиқроқ бўлишни сўради.
«Нимага айрим ҳокимлар блогер, журналистлар учун ёпиқ?! Пресс-тур ўтказиб, журналистлар ёнида юриб, бажарилаётган ишларни кўрсатинглар. Ёмонини ҳам кўрсатайлик, ёмони ҳам ўзимизники. Дарахт экаверамиз, лекин унинг кўкариб чиқишичи?—дея вилоят мутасаддиларга мурожаат қилди Мирзаев 22 ноябрь куни ўтказилган биринчи «ҳокимлик соати» видеоселектор мажлисида.
Мажлисда вилоятнинг 22 та туман-шаҳарлари сектор раҳбарлари, вилоятдаги барча бошқарма ва ташкилотлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, вилоят фаоллари иштирок этди, дея хабар беради ҳокимлик матбуот хизмати.
«Олдиндан келишиб олайлик, менга »ҳурматли» дея мурожаат қилманглар», — деди Мирзаев.
Вилоят ҳокими устувор вазифаларни белгиланган ҳолда, мутасаддиларга бир қанча топшириқлар берди. Мана уларнинг айримлари:
❗️ Ошкоралик, шаффофлик кўпчиликка ёқмайди, лекин ҳар қандай чиққан негативга сектор раҳбари муносабат бериши шарт. Ижтимоий тармоққа киришни билмасангиз ўрганинг, раҳбар замондан орқада қолиши мумкинмас.
❗️ Вилоятимиз туман-шаҳарларидаги таҳририятларни қўллаб-қувватлашга тайёрман. Газеталар бизга керак. Ҳудудий таҳририятлардаги журналистлар тажрибасини қадрланглар, қўллаб-қувватланглар. Бу бўйича мутасаддилардан аниқ таклифлар кутамиз.
❗️ Қандай тоифадаги раҳбар бўлишидан қатъий назар, билиб олсин, фаолиятимизнинг асосий мезони «Инсон қадри учун» тамойили асосида бўлади. Буни керак бўлса, столнинг устига ёзиб қўйинг. Яна шуни ҳам ёзиб қўйингларки, ишимизда «майда-чуйда масаланинг ўзи йўқ».
❗️Фуқаролар билан қабулни кўчма тартибда олиб борамиз. Унда ҳамма сектор раҳбарлари қатнашади. Соат 14:00 да бўладиган қабулга соат 8:00 да ўша мурожаатчининг сектор раҳбари, тегишли ташкилот мутасаддиси уйига бориб, масаласини жойида ўрганиб чиқади.
❗️ Фуқароларнинг мурожаатларини қабул қиладиган телеграм-бот ташкил қиламиз. Керак бўлса, ўша фуқаро билан телефонда ўзим гаплашаман.
❗️ Ҳокимиятдан ҳар бир чиқаётган қоғоз ҳокимиятнинг юзи. Давлат тили бўйича ҳокимият ҳужжатларини хато ёзадиган ходим ҳокимиятда ишлаши мумкин эмас.
Зоир Мирзаев 18 ноябрь куни Даврон Хидоятов ўрнига Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бунга қадар у Қашқадарё вилоятини бошқараётган эди.