Ўзбекистонда коронавирусга қарши бустер доза билан эмланишга рухсат берилди. Ўзбекистон Республикаси бош давлат санитария врачининг кўрсатмасига мувофиқ, аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясига қарши иммунитетни ошириш мақсадида 2021 йил 17 ноябрь кунидан бошлаб тўлиқ вакцина курсини олган фуқаролар (2 ёки 3 маротаба эмланганлар) бустер доза билан ихтиёрий эмланади, деб хабар беради Vaksinauz Телеграм-канали.
Коронавирусдан тўлиқ эмланган инсон орадан олти ой ўтиб бустер дозасини олиши мумкин (гап ревакцинация эмас, қўшимча доза олиш тўғрисида кетмоқда). Бундай амалиёт мижоз истагига кўра, хоҳлаган вақцина ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Бустер доза билан эмланганлик маълумотлар базаси ва эмланганлик тўғрисидаги сертификатга киритилади.
Ўзбекистонда COVID-19га қарши оммавий эмлаш ишлари жорий йилнинг 1 апрелидан бошланди. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, бугунга келиб мамлакатда коронавирусга қарши 6 турдаги 42,8 млн доза вакцина ишлаб чиқилди ва сотиб олинди. Улардан 31,1 млн дозаси ишлатилган.
20 ноябрь ҳолатига кўра, пандемия бошлангандан бери Ўзбекистонда коронавирусга чалинганликнинг 191 334 та ҳолати қайд этилган, инфекциядан жами 1375 та одам вафот этган.