19 ноябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларга “bluetooth”, қулоқчин ва бошқа қўлни банд қилмайдиган гарнитуралар фойдаланишга рухсат берувчи «Транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилди ва сенаторлар томондан қабул қилинди, деб хабар беради Сенат матбуот хизмати.
Таъкидлаш жоиз, 2020 йил февралидан UzAuto Motors корхонаси Spark, Cobalt ва Lacetti русумидаги автомобилларни bluetooth орқали ташқи ускуналарга боғловчи мосламалар билан жиҳозлашни бошлаганди ва бу автомобиллар нархининг ортишига олиб келган эди.
Сенаторлар томонидан Маъмурий жавобгарлик кодексига транспорт воситалари эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлик, йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлик учун жарима миқдорини камайтиришга доир ўзгартишлар киритилди.
Шунингдек, транспорт воситаси салонининг олд қисмига монитор (дисплей) ўрнатиш учун жавобгарлик бекор қилинди ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юборганда тезликни ўлчайдиган махсус ускуналар қайд этган тезликдан соатига 5 километр айириб ташлаб ҳисоблаш жорий этилди.
Бундан ташқари, биометрик паспорт (ID-картаси) мавжуд бўлган тақдирда ҳайдовчидан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжат, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси талаб этилмайди.