Ўзбекистон Миллий телерадиокомпания тизимида Тошкент вилояти телерадиоканали — Nurafshon TVВ ташкил этилади. Канал туну кун ишлайди. Президент 18 ноябрь куни «Тошкент вилояти телерадиоканалини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.
Тошкент вилояти телерадиоканалининг асосий вазифалари этиб «вилоятнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий-маърифий ҳаётида рўй бераётган ислоҳотлар, фаровонлик, тараққиёт ва бунёдкорлик йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда яратилган имкониятлар ҳақида аҳолини мунтазам хабардор қилиб бориш» белгиланди.
Янги канал «аҳолининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш, сифатли давлат хизматларини кўрсатиш ва улардан самарали фойдаланиш масалаларини теле- ва радиодастур орқали ёритиб» боради. Бундан ташқари, телеканал «аҳолининг интеллектуал ва маданий савиясини ошириш, фуқароларнинг онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшлар ва ўсиб келаётган авлодни ватанпарварлик, умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашни тарғиб қилиш» билан ҳам шуғулланади.
Тошкент вилояти телерадиоканали ходимларининг чекланган штатлари сони 69 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимлари сони 4 нафардан иборат бўлади. Бу ишлар Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги тегишли ташкилотларнинг тузилмасини мақбуллаштириш ва мавжуд штатларни қисқартириш ҳисобига ташкил этилади.
Тошкент вилояти маъмурий маркази – Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти телерадиоканали учун комплекс бино қуришга 1,3 гектар ер майдони ажратилган.
Қарорга кўра, 2023 йил охиригача Тошкент вилояти телерадиоканали эфир сигналини рақамли телевидениенинг умумий фойдаланиладиган ижтимоий пакетида Тошкент вилояти ҳудудига тўлиқ етказилиши керак.
Ўзбекистон Миллий телерадикомпанияси бугунги кунда 14 та марказий ва 12 та ҳудудий телерадиоканалларни ўзида жам қилган. Республикадаги барча телеканаллар 2019 йилдан рақамли кўрсатув стандартига ўтган. 2021 йили Ўзбекистон телевидениеси ўзининг 65 йиллигини нишонлайди.