Ҳавонинг кескин совиб кетгани туфайли газ қуйиш шохобчаларининг иш вақти бўйича чекловлар жорий этилади

Ўзбекистондаги АГТШ. Podrobno.uz сайти фотосурати

Кескин совуқ тушгани боис 17 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларининг (АГТШ) ) хизмат кўрсатиш графигига вақтинчалик чеклов ўрнатилади. Биринчи навбатда аҳолига газ етаказиб берилади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги ва «Ўзтрансгаз»га таянган ҳолда «Газета.uz» нашри.

АГТШ иш графиги вилоят ҳокимликлари томонидан тасдиқланган ва уларга қуйидаги вақтда газ берилмайди:

👉 Андижон вилоятида — соат 16:00 дан 05:00 гача;

👉 Жиззах вилоятида — соат 17:00 дан 23:00 гача;

👉 Навоий вилоятида — соат 19:00 дан 06:00 гача;

👉 Наманган вилоятида — соат 18:00 дан 06:00 гача;

👉 Самарқанд вилоятида — соат 15:00 дан 23:00 гача;

👉 Сирдарё вилоятида — соат 17:00 дан 23:00 гача;

👉 Сурхондарё вилоятида — соат 17:00 дан 23:00 гача;

👉 Тошкент вилоятида — соат 16:00 дан 22:00 гача;

👉 Фарғона вилоятида — соат 20:00 дан 23:00 гача.

«Бундан мақсад биринчи навбатда табиий газ етказиб берилиши муҳим ҳисобланган аҳоли, шифохона, мактаб ҳамда мактабгача таълим ташкилоти каби аҳамиятга эга муассасалар, шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқарувчи йирик станцияларнинг табиий газ таъминотида барқарорлигини таъминлашдан иборат», — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.
Вазирлик вактинчалик чеклов чоралари ҳаво ҳарорати бироз кўтарилгунга қадар давом этишини хамда АГТШ тез орада аввалги тартибда ишлаш режимига ўтишини қўшимча қилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январь қарорига биноан, кейинги уч йил давомида газ қуйиш шахобчаларининг кечки ва тунги фаолиятига чеклов қўйилмоқда. Бундай чора «магистраль ва газ тақсимловчи қувурларининг ишларида технологик бузилишларни олдини олиш» мақсадида жорий этилган.

Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида қор ёғиши оқибатида электр энергияси таъминотида узилишлар содир бўлди. Жумладан, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти маълумотларига кўра, Хоразм, Самарқанд, Тошкент ва бошқа вилоятларнинг бир қатор ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилган. Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги «Хасково» подстанциясидаги қисқа туташув натижасида Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтаҳур туманларининг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилишлар бўлган. Айрим туманларда носозликлар бартараф этилган, айримларида ишлар давом этмоқда.

Бундан аввалроқ, об-ҳаво шароити ёмонлашганлиги сабаб (қор уюми, туман ва кучли шамол) Тошкент халқаро аэропортида айрим рейслар вақти кечиктирилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ