Ўзбекистонда бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш ва математика кўникмалари баҳоланади

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда 15 ноябрдан бошланғич синфларда ўқиш (EGRA) ва математика кўникмаларини баҳолаш (EGMA) бўйича мамлакат бўйлаб тадқиқот ишлари бошланди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.

7 декабргача давом этадиган мазкур тадбир АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида олиб борилади.

EGRA ва EGMA тадқиқоти 937 та давлат умумтаълим мактабидаги 11 минг нафар ўқувчининг ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, тожик, қирғиз ва туркман тиллари, шунингдек, иккинчи тил сифатида ўзбек тилига оид кўникмаларини баҳолайди.

«Биз Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда амалга ошираётган ушбу лойиҳа бутун Ўзбекистон бўйлаб 3- ва 5-синф ўқувчиларининг ўқиш ва математика кўникмаларини баҳолашга ёрдам беради. Баҳолаш ушбу фанлар бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш ва шу фанларни ўқитишга тўғри инвестиция киритиш имконини беради», — дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм.

2019 йили ноябрда Ўзбекистоннинг айрим мактабларида EGRA ва EGMA тест режимида ўтказилган эди. Унда республикадаги 70 та мактабдан 1,4 мингта иккинчи синф ва шунча тўртинчи синф ўқувлари иштирок этган. Бу борада тўлиқ тадқиқот 2020 йили олиб борилиши режалаштирилди, бироқ COVID-19 пандемияси туфайли ишлар амалга ошмади.

EGRA ва EGMA – умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчиларининг саводхонлик ва ҳисоблаш кўникмаларини баҳолашга мўлжалланган илмий асосланган моделларга таянади. Бугунги кунга қадар USAID EGRA ва EGMA баҳолаш тадқиқотини 40 дан ортиқ мамлакатда ўтказиб, тўпланган маълумотлар ушбу мамлакатларга ўз ўқувчиларининг ўқиш ва математика бўйича асосий кўникмаларини яхшилашга ёрдам берган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ