Тошкент давлат педагогика университетининг ректори Алишер Умаров лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Университетнинг янги раҳбари этиб бунга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилни ривожлантириш департаменти мудири лавозимида ишлаб келган Абдугаппор Киргизбоев тайинланди.
ТДПУ талабаси билан боғлиқ инцидент 18 октябрда юз берганди. 20 ёшли учинчи курс талабаси Муштарийбону Комиловани 37 ёшли декан ўринбосари Боғабек Юлдашев зўрламоқчи бўлади ва учинчи қават ойнасидан қизни итариб ташлайди. Натижада қиз кўпгина жароҳатлар билан шифохонага ётқизилади. Юлдашев қўлга олинди ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 105, 118-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги декан ўринбосари Юлдашев ҳаракатини қаттиқ қоралади ва тегажоқликка учраётган қиз талабалар учун ишонч телефони ташкил этилгани ва Telegramда чот-бот очилганини маълум қилди.
«Ҳозирда мазкур воқеа юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ўрганиш ва суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Ўрганиш натижалари бўйича жиноятда гумонланувчи университет масъул ходимига нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилади. Шунингдек, ушбу ҳолатга йўл қўйган университет раҳбарияти ва масъулларига нисбатан ҳам қатъий ташкилий ва интизомий чоралар кўрилади», — дейилган вазирлик хабарида.