Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов АКТ вазирлигига қайтди

Шерзод Шерматов (чапда), Бахтиёр Саидов. Kun.uz, Синьхуа сайтлари фотоси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 17 ноябрдаги ялпи йиғилишида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига шу кунга қадар Халқ таълими вазири лавозимида ишлаб келаётган Шерзод Шерматов номзоди маъқулланди. Энди номзод президент томонидан тасдиқланиши лозим.

Халқ таълими вазири лавозимига эса шу кунгача Ўзбекистоннинг 2017 йилдан буён Хитойдаги фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида ишлаб келаётган Бахтиёр Саидов номзоди маъқулланган.

1977 йилда туғилган Шерзод Шерматов Тошкент давлат техника университети битирувчиси саналади (1998). У шунингдек, АҚШдаги Йель университетини тамомлаган (2000). У 2017 йил февралига қадар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.

2018 йил февралда президент Шавкат Мирзиёев IT соҳасидаги вазиятни танқид қилганди. Жумладан, у мобил ва интернет алоқаларининг талабга жавоб бермаслиги, рақамли давлат хизматларини жорий этишдаги сусткашликлар, ахборот хавфсизлигини таъминлашдаги камчиликларни тилга олганди.

Натижада Шерматов ишдан олиниб, Инновацион ривожланиш вазирига ўринбосар этиб тайинланди. 2018 йил июнь ойидан Шерматов Халқ таълими вазирлигини бошқариб келаётган эди.

Маълумки, ноябрь ойи бошида Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар (Telegram, YouTube, Instagram, Facebook ва «Одноклассники») блокланиши билан боғлиқ вазият ортидан АКТ вазири Шуҳрат Содиқов ишдан олинган эди. Ўша кун ижтимоий тармоқларга алоқа тикланди ва «Ўзкомназорат» раҳбари лавозимидан бўшатилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ