Хусусийлаштирилган ерни национализация қилиш Қонундан чиқариб ташланди

Mukimov.ru сайти фотосурати

«Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририда хусусийлаштирилган ерни национализация (ҳақ эвазига давлат ихтиёрига ўтказиш) қилиш чиқариб ташланди. Қонун 15 ноябрь куни президент томонидан имзоланди.

Ҳужжатга кўра қуйидаги ерлар хусусийлаштирилиши мумкин:

- юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик учун берилган ерлар;

-фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик учун берилган ерлар (илгари ЯТТларнинг хусусийлаштирилиши назарда тутилмаган);

-хусусийлаштириладиган давлат объектлари жойлашган ерлар (илгари бу рухсат берилмаган);

-бўш турган ерлар.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ер участкаларини хусусийлаштириш субъектлари ҳисобланади.

Чет эллик фуқаролар ва Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар ер участкаларини хусусийлаштириш субъектлари бўлмайди.

Ер участкаларини хусусийлаштириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб олиш;

ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиш.

Aриза ДХМ ёки ЯИДХП орқали берилади. Ариза кўриб чиқилиб хабарнома шаклда ижобий ёки салбий қарор қабул қилинади.

Хусусийлаштирилган ер участкаларининг мулкдорлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хусусийлаштирилган ер участкасига юридик ва жисмоний шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда, ўз хоҳишига кўра ва ўз манфаатлари йўлида эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шу жумладан ундан гаров предмети сифатида фойдаланиш, юридик шахснинг устав капиталига (устав фондига) ҳисса сифатида киритиш, ижарага бериш;

хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилиши бартараф этилишини талаб қилиш;

хусусийлаштирилган ер участкасида мустақил равишда хўжалик юритиш;

уй-жой, ишлаб чиқариш, маданий-маиший ва бошқа иморатлар ҳамда иншоотларни қуриш, уларни қайта қуриш ва бузиш.

Қуйидаги ҳолатларда хусусийлаштирилган ер мулкдордан олиб қўйилиши мумкин:

-ерга ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилганда;

-ер давлат ва жамият эҳтиёжлари учун сотиб олинганда (эгасининг ёзма розилиги билан);

-ер мусодара қилинганда;

-ер реквизиция қилинганда (эпидемия, табиий офат вақтида).

Қонун 16 ноябрдан кучга кирди.

«Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги аввалги қонун 2019 йил 13 августда президент томонидан имзоланган ва 2020 йил 1 мартдан кучга кирган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ