Тошкентда ерости ва ерусти метро бекатлари кўпайтирилади

Тошкент метросининг янги йўналиши тақдимоти. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Тошкент метрополитенини янада ривожлантириш мақсадида «Буюк ипак йўли» бекатидан Тошкент трактор заводи даҳасигача ерости йўли ҳамда ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичи амалга оширилади. Президент Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Янги ерости йўлини Мирзо Улуғбек кўчаси ёки Буюк ипак йўли кўчаси орқали олиб ўтилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, биринчи ҳолатда йўл узунлиги 8,6 километр, кунлик йўловчилар сони 62 минг бўлади. Иккинчи вариантда эса масофа салкам 8 километр бўлиб, кунига 55 минг кишига хизмат кўрсатилиши мумкин. Қурилиш ишлари беш йилга мўлжалланган.

Ерусти метросининг иккинчи босқичида Қўйлиқ даҳасидан Сергели йўлининг 5-бекатигача 11 километрдан зиёд эстакада қурилади. Бекатлар сони еттита бўлиши, кунига 38 минг йўловчи ташилиши кутилмоқда.

Яна бир лойиҳага кўра, Бобур кўчасидан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи йўл ўтказгичи кенгайтирилиб, ёнида ҳалқа шаклида айланма кўприк қуриш кўзда тутилган.

Кейинги беш йил ичида Тошкент шаҳрида иккита янги метро станцияси ҳамда қарийб 12 километрлик ер усти метро линияси фойдаланишга топширилди. «Сергели» йўналиши бўйича 6,2 километрлик қурилиш ишлари якунланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда