Давлат бошқаруви органлари, шу жумладан, барча даражадаги маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ғаллачилик кластерлари фаолиятига аралашуви қатъиян ман этилади. Президентнинг «Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида» қарорида мана шу ҳақда сўз юритилади.
Жумладан, давлат бошқаруви органлари бошоқли дон етиштиришда агротехник тадбирларни ўтказиш, моддий-техник ресурслар билан таъминлашга, ажратилган имтиёзли кредитлардан фойдаланиш йўналишларига, буғдойни сотиш жараёнларига, шу жумладан, шартномалар тузишга, хўжаликларни дон тайёрлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи маълум корхоналарга бириктириш, республика ҳудудлари ўртасидаги ички ташувларга, ғаллачилик кластерлари фаолиятига чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа йўналишларни қўшиш тўғрисида қатъиян тақиқланади.
Ички бозорни ғалла дони билан кафолатли таъминлаш мақсадида 2022 йилдан бошлаб республика ҳудудида экишга тавсия этилган буғдой навларини хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ер-сув шароитларидан келиб чиққан ҳолда мустақил жойлаштириш, 2022 – 2024 йилларда ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари етиштирган ҳосилнинг ғалла экилган ҳар гектар суғориладиган майдон ҳисобидан республика бўйича ўртача 2,5 тоннадан буғдойни эркин биржа савдолари орқали, қолган қисмини тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин сотиш ҳуқуқи берилади.
Мутасадди ташкилотларга 2022 йил 1 мартга қадар барча туманлар марказий деҳқон бозорларидаги буғдой ва бошқа асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархларини “on-line” тарзда кузатиш имконини берувчи электрон платформани ишга тушириш вазифаси юклатилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан келишган ҳолда календарь йилнинг 1 августига қадар буғдойнинг келгуси йил ҳосили учун кутилаётган индикатив нархи оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.
2021 – 2022 йилларда «Ўздонмаҳсулот» АК тизимидаги дон корхоналарини ғаллачилик кластери ташкил этиш таклифини билдирган тадбиркорлик субъектларига сотиш учун баҳолаш ва фаолият йўналишини ўзгартирмаслик шартида очиқ савдоларга қўйилади. Компания тизимидаги дон корхоналарига тегишли 20 та уруғлик дон тайёрлаш цехлари Уруғчиликни ривожлантириш марказига берилади.
2020 йил кузидан Ўзбекистонда ғалла ва пахтага нисбатан давлат буюртмаси босқичма-босқич бекор қилина бошланди. 2021 йилги ҳосилдан бошлаб дон маҳсулотларига давлат томонидан нарх ўрнатилиши тўлиқ бекор қилинади. Фермер ва бошқа корхоналар томонидан етиштирилган дон маҳсулотлари тўғридан-тўғри шартномалар (фьючерс, форванд ва бошқалар) асосида савдо биржалари орқали сотилади.