Ўзбек мутахассислари Афғонистон шимолидаги аэропортни тиклашда иштирок этадилар

Мозори Шариф аэропорти. Uznews.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон қўшни Афғонистон Балх вилоятининг маъмурий маркази бўлмиш Мозори Шариф шаҳридаги аэропортни реконструкция қилиш ишларига 30 нафар техник мутахассисларни сафарбар қилади. Улар аэропортдаги шикастланган ускуналарни таъмирлаш ва авиақатновни қўлга қўйишга ёрдам берадилар. Бу ҳақда 14 ноябрь куни Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Балх вилояти раҳбарияти, мамлакат Транспорт вазирлиги ва авиация мулозимлари билан учрашувда маълум қилди, деб хабар беради TOLOnews.

Иргашев Ўзбекистон Афғонистондаги янги ҳукуматнинг аэропортни тиклаш борасидаги илтимосига «лаббай» деб жавоб берганини ва тез орада мазкур объект ишга туширилишини таъкидлади. Бундан ташқари, аэропортнинг 83 та ходими Ўзбекистонда малака оширади.

Балх раҳбарияти Ўзбекистон билан иқтисодий соҳада ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини билдирди.

«Афғонистоннинг электр энергияси бўйича Ўзбекистон олдидаги қарзлари бўйича музокаралар олиб борилди. Биз банк тизимидаги муаммолар ҳал бўлгач, албатта қарзни узишимизни айтдик. Ўзбекистон электр энергияси экспортини камайтирмаслиги лозим», — деди Балх губернатори Қудратуллоҳ Ҳамза (Qudratullah Hamza).

Иргашев ўз навбатида Ўзбекистон қўшни Афғонистонга ҳар томонлама, айниқса инфратузилмаларни тиклаш масалаларида яқиндан кўмак беришини айтди.

Мозори Шариф аэропортини реконструкция қилиш, Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида авиаалоқаларни қўлга қўйиш масалалари октябрь ойи бошида Қобулда толиблар Ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари Амир Хон Муттаки ва Ўзбекистон элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов учрашувида муҳокама қилинганди.

Кейинчалик, 16 октябрда Термизда ўзбек-афғон музокалари бўлиб ўтди. Унда инфратузилма лойиҳалари, жумладан Сурхон— Пули-Хумри электр узатгич линияси ва Термиз — Мозори Шариф — Қобул — Пешовар темир йўли қурилишларига алоҳида эътибор берилди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ