Шавкат Мирзиёев Истанбулда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдод Амреев билан учрашди

Шавкат Мирзиёев Истанбул аэропортида. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Истанбул шаҳрига келгач, ўзига ажратилган қароргоҳда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдод Амреевни қабул қилди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Учрашувда Кенгашга аъзо давлатлар ўртасидаги конструктив мулоқот жадал ривожланаётгани ва амалий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани қайд этилди. Бош котиб Бағдод Амреев президентга 12 ноябрга белгиланган саммитга тайёргарликнинг бориши, тадбир дастури ва кун тартибидаги масалалар тўғрисида маълумот берди.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши 2009 йилда тузилган. Ўзбекистон унга 2019 йилда қўшилган. Кенгашнинг асосий мақсади қардош мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодиёт, транспорт, энергетика, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришдир.

Кенгашга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия. Ўзбекистон аъзодир. Венгрия кузатувчи мақомига эга. 12 ноябрь кун саммитда Туркманистоннинг кузатувчи сифатида иштироки кутилмоқда.

2019 йил октябрда Тошкентда Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши мажлиси ҳамда Инвестиция форуми ўтказилди. 2020 йилда Хива шаҳрига «Туркий дунёнинг маданий пойтахти» мақоми берилди. Тошкент, Андижон ва Термиздаги логистика марказлари Туркий Кенгаш доирасидаги «биродар портлар» тизимига қўшилди.

2022 йил июнда Қўқон шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши туризм вазирлари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қўқон туркий дунёнинг илк туризм пойтахти, деб эълон қилинди. Ўзбекистондаги муқаддас қадамжолар бўйлаб «Табаррук зиёрат» лойиҳасини амалга ошириш бошланди.

Барча туркий халқлар учун ардоқли бўлган шоир – Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилди. Бу мукофот билан туркий давлатларда илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган шахслар тақдирланадилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ