Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари ўзгарди

Беҳзод Мусаев. Mininnovation.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги раҳбарини тайинлади. Бу лавозимга бунга қадар Бош вазирнинг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев лойиқ топилди. Мусаевнинг номзодини Олий Мажлис депутатлари ҳам маъқуллагани тўғрисида 11 ноябрь куни халқ ноиби Расул Кушербаев ўзининг Телеграм-каналида хабар қилди.

Ушбу лавомизда ишлаб келган Абдухаким Хаджибаевнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига ўтиши кутилмоқда.

Беҳзод Мусаев 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1995 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2004 йилда президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тадбиркорлик фаолиятини бошқариш мутахассислиги бўйича тамомлаган. Иқтисодиёт фанлари номзоди.

2010 йилда Давлат солиқ қўмитасида фаолият юритишни бошлаган. 2010−2011 йилларда қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2018 йилнинг март ойида ушбу лавозимга қайта тайниланиб, ўша йилнинг май ойидан эса Давлат солиқ қўмитаси раҳбари бўлган. Унинг 2011 йилдан 2017 йилга қадар меҳнат фаолияти тўғрисида маълумот берилмаган — унинг бу йиллари АҚШда яшагани, зеро ватанида жиноий иш бўйича қидирувда бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди.

Президентнинг 2020 йил 14 майдаги қарори билан Беҳзод Мусаев Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тасдиқланган. Ўтган йил ёзда Мусаев Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг даволанишда бўлгани сабаб, унинг вазифасини вақтинча бажарган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ