Рязань вилояти раҳбари Николай Любимов келгуси йил баҳорда Рязанда «Тошкент кунлари»ни ўтказиш ташаббусини илгари сурди. 10 ноябрь куни «Пресса» нашри губернаторнинг Тошкент шаҳри ҳокими билан бўлиб ўтган учрашуви тўғрисида хабар берди.
«Тошкент кунлари»ни Рязандаги «Алмаз» ўзбек миллий-маданий автономияси билан биргаликда ўтказиш таклиф этилди. Губернатор Тошкентда Рязань вилоятида фаолият юритаётган корхоналар маҳсулотларини намойиш этувчи шоурум очилганини маълум қилиб, ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда мазкур ҳодиса аҳамиятли эканини таъкидлади.
«Бизда этник ўзбеклар кўп яшайди, шунинг учун ўзбек миллий-маданий автономияси «Алмаз» — диаспоралар ичида энг кўзга кўринган ва фаол ташкилот ҳисобланади,— деди губернатор. — Шу йили май ойида ташкилот фаоллари «Сергей Есенин изидан» деб номланувчи экспедицияни уюштирдилар. Унда рязанликлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларига ташриф буюрдилар. Бу ажойиб ташаббус, деб биламан. Биз бу каби ташаббусларни нафақат қўллаб қувватлашга, балки кенг миқёсда ёйишга тайёрмиз».
Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашув «Корпорация развития Рязанской области» АЖ бош директори Артем Никитин ва Рязань экспорт маркази бошлиғи Анатолий Маркин ҳамроҳлиги бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида Любимов савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасида гапириб, Рязань вилояти ўзбек бозоридаги ўрнини кенгайтиришдан манфаатдор эканига урғу берди.
«Биз бизнес сафарларига пухта тайёргарлик кўрамиз. Тошкент сафари учун эса алоҳида тайёрландик. Биз ташриф доирасида Рязань маҳсулотларидан таркиб топган B2B шоурумини ташкил этдик. Ўзбекистон истисодиёти салоҳиятини ўргандик. Биздаги маълумотларга кўра, Рязань қурилиш маҳсулотлари, жумладан пласмасса, вакциналар ва болалар автокреслолари харидоргир бўлиши мумкин. Биз вилоятимиздаги эллик олтита компаниянинг беш юздан ортиқ маҳсулоти намуналарини олиб келдик», — деди Николай Любимов.
Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев губернаторга миннадорчилик билдирган ҳолда, ушбу таклифларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
«Тошкент Рязань вилояти билан барча соҳада ҳамкорлик қилишга тайёр. Биз иқтисод, таълим, маданият соҳаларидаги алоқаларимизни ривожлантиришдан манфаатдормиз. Гебернатор Николай Любимов тилга олган таклифларни қўллаб-қувватлаймиз ва уларни амалга оширишга ҳаракат қиламиз», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Ўзаро мулоқот давомида ҳоким ва губернатор коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш борасидаги ишлар ҳолатини муҳокама қилдилар ва фуқароларни эмлашни рағбатлантириш усуллари ҳақида маълумот алмашдилар.