«Ўзбекнефтгаз» АЖ Лондон фонд биржасида $700 млн миқдорида дебют еврооблигацияларини муваффақиятли жойлаштирди. Бу ҳақда АЖ матбуот хизмати хабар беради.
Компания евробондига бўлган талаб $1,9 млрд.ни ташкил этган. Натижада унга бўлган фоиз ставкаси 5% дан 4,75% гача пасайтирилган. Халқаро облигацияларни Буюк Британия, АҚШ, Германия, Евроосиё мамлакатларидан 120 дан ортиқ инвесторлар сотиб олган. Облигацияларни тўлаш муддати етти йил.
Сентябрда Fitch Ratings биринчи бор «Ўзбекнефтгаз»га «барқарор» прогнози билан ВВ даражасидаги кредит рейтингини тақдим этганидан сўнг 3 ноябрь куни ҳукумат қарори билан евробондлар чиқаришга рухсат берилди.
Халқаро облигациялар трансформация жараёнини давом эттириш, компаниянинг ташқи молиялаштириш манбаларини диверфикация қилиш мақсадида чиқарилди. Евробондлар жойлаштирувидан тушган маблағлар «Ўзбекнефтегаз» ҳисобига ўтказилади ва республика Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда компанияни ривожлантириш учун сарфланади.
«Ўзбекнефтгаз»нинг халқаро заёмлар чиқариши ва уларни фонд биржасида жойлаштиришига Ernst&Young, CITI Group, JP Morgan, Mitsubishi UFG халқаро аудит компаниялари ва «Газпромбанк» АЖ (РФ) яқиндан кўмак берди.
«Ўзбекнефтгаз»нинг халқаро кредит бозорига чиқиш режалари борасидаги 2019 йили хабар берилганди.
Еврооблигация — қарздорнинг (компания ёки давлат) Европа молия бозорида бирорта евровалютада олган узоқ муддатли кредитига доир халқаро қарз мажбуриятидир. Уни сотиб олган чет элликлар белгиланган тўловларни, муддат сўнггида эса қарзнинг асосий суммасини оладилар.