Ўзбекистон фуқаро авиацияси агентлиги («Ўзавиация») Россиянинг IFly Airlines авиакомпаниясига Ўзбекистонга парвозларни амалга ошириш учун вақтинча тақиқ қўйди. Агентлик матбуот хизматининг 9 ноябрдаги хабарига кўра, 2020 йилнинг октябрь ойида авиакомпанияларга Ўзбекистон аэропортларига чартер рейсларини амалга ошириш учун ваколатли орган “Ўзавиация” агентлигидан тегишли рухсатнома олмасдан туриб авиачипталарни сотиш амалиётини тугатиш тўғрисида огоҳлантириш хати юборилган.
«I FLY Airlines» авиакомпанияси ушбу огоҳлантиришга қарамасдан ва тегишли рухсатномаларни олмасдан ноябрь ойида Москва – Урганч – Санкт-Петербург – Урганч – Москва, Навоий – Москва ҳамда Санкт-Петербург – Навоий – Санкт-Петербург йўналишларида чартер парвозлари учун авиачипталар сотувини амалга оширган. Натижада авиачиптада кўрсатилган вақтда йўловчилар аэровокзалларга келишган ва белгиланган йўналишда парвознинг бажарилмаслиги йўловчилар ўртасида ижтимоий кескинликка олиб келган.
8 ноябрь куни Навоий аэропортига IFly Airlines рейслари орқали Москва ва Санкт-Петербурга учмоқчи бўлган 200 га ёқин йўловчилар йиғилиб қолган. Йўловчилар авиачипталарни компаниянинг Самарқанд, Бухоро ва Урганчдаги «Восток Бухара» филиалидан сотиб олишган. Аэропорт ходимлари компания билан боғланганида, россия томони йўловчиларга чипта пулларини қайтариб беришини вада қилган.
Шу муносабат билан «Ўзавиация» агентлиги томонидан «I FLY Airlines» авиакомпаниясига санкция тариқасида Ўзбекистонга чартер парвозларини амалга оширишини вақтинчалик тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Авиакомпаниялар томонидан бундай ҳолатлар такрорланган тақдирда «Ўзавиация» агентлиги парвозларни амалга ошириш учун берилган экплуатация рухсатномаларни бекор қилади. Шу ўринда йўловчилар ва авиакассалар мутасаддиларидан авиачипталарни сотиб олиш ёки сотишдан олдин »Ўзавиация» агентлиги веб-сайтининг бош саҳифасидаги «Ахборот жадвали» бўлимида режалаштирилган чартер парвозларининг ҳолати билан танишиб чиқиш сўралади.