Тошкентда ҳавонинг чанг билан ифлосланиши пасайган

Андрей Кудряшов фотосурати, «Фарғона»

Тошкент шаҳрида ҳавонинг чанг билан ифлосланиши пасайишда давом этмоқда, деб хабар беради Гидрометеорология хизмати маркази. 8-ноябр соат 11:00 ҳолатига кўра, ҳаводаги чанг миқдори рухсат этилган максимал қийматдан ошмаган, дея таъкидлайди марказ.

Ўтган ҳафта республика ҳудудида қумли бўрон содир бўлганди. Тошкент, Сирдарё, қисман Жиззах ва водий вилоятлари мазкур табиий ходиса қуршовида қолди.

Уралдан совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши оқибатида тупроқнинг устки қисми ҳавога кўтарилган. Берилган хабарларга кўра, ҳаводаги чанг миқдори дастлаб беш баробарга, кейинчалик ўттиз баробарга ошган, сўнг у ўн баробар даражасига тушган. Вазият тинмай эсган шамол ва йўллардаги интенсив транспорт ҳаракатларидан янада кескинлашган.

Метеорология кузатувларига кўра, бундай чанг бўрон кейинги 150 йил давомида биринчи бор қайд этилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, қумли бўрон сабаб тез ёрдам хизматига мурожаатлар кўпайган. Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр Бўрибаевнинг таъкидлашича, 3 ноябрь куни «Тез ёрдам» хизматига бўлган жами чақириқлар сони 3433 тани ташкил этган бўлса, бу кўрсатгич 4 ноябрь куни 4082 тага етган. Шундан 678 таси бевосита нафас сиқиши билан боғлиқ мурожаатлар бўлган.

6 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев инаугурация нутқида қумли бўронга тўхталиб, республикада экологик таҳдидларнинг салбий таъсири ортиб бораётганини таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда