Самарқандда 7 ноябрь куни Samarkand Half Marathon — халқаро ҳайрия яриммарафони ўтказилди. Тадбир учинчи бор ташкил этилди, деб хабар беради «Даракчи».
Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — мамлакатда жойлашган маданият ва санъат объектларида инклюзивлик муаммосига жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва Ўзбекистонда спорт туризмини ривожлантиришдан иборат. Ярим марафондан келиб тушган маблағлар имконияти чекланган шахсларни маданият муассасаларига ишга жойлаштириш учун хайрия мақсадида сарфланади.
10 километрлик масофага югуришда 748 нафар одам қатнашди. Унда Сурхондарёлик спортчилар етакчилик қилди, деб хабар беради ЎзА. Эркаклар орасида маррага биринчи бўлиб Евгений Фадеев, аёллар орасида Ситора Ҳамидова етиб келган.
21 километрга югуришда 487 та одам иштирок этган. Унда сурхондарёлик Шоҳрух Давлатов биринчи бўлди. Аёллар орасида эса қирғизистонлик Гулшаной Саттарова биринчи бўлиб маррага етиб келди.
Икки километрли марафонда 907 нафар ҳаваскор ва спортчилар қатнашди. Унда тошкентлик Ҳасан Мирсоатов ва андижонлик Ирина Берникова биринчилардан бўлди.
Скандинавияча юришда 100 та одам иштирок этди. Спортнинг бу турида Тошкентдан Марат Бикметов ва Сирдарё вилоятидан Маҳбуба Дусанова етакчилик қилдилар.
Samarkand Half Marathon ғолиблари пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.