Навоий вилояти ҳокими ишдан олинди

Қобул Турсунов (чапда), Нормат Турсунов. Xabaruz.com ва ДСҚ сайтлари фотосуратларидан коллаж

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари билан Кобул Турсунов Навоий вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди, Нормат Турсунов Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Ҳокимнинг ишдан олиниши тафсилотлари келтирилмаган.

Навоий вилояти ҳокимияти матбуот хизматининг аниқлик киритишича, Қобул Турсунов соғлиги даволаниш талаб этилганлиги сабабли, ўз аризасига мувофиқ вазифасидан озод этилган.

Қобул Турсунов 2016 йилдан Навоий вилоятини ҳоким сифатида бошқариб келган. Бундан олдин у Олий Мажлис Сенатининг бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг раиси бўлган.

2021 йил апрелда президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорларнинг муаммолари ҳал этилмагани, шунингдек ўнта кичик саноат зоналарининг 66 фоиз ерида бирорта ҳам лойиҳа амалга оширилмаганлиги сабаб Турсуновга ҳайфсан эълон қилганди, деб эслатади «Газета.Uz». Президент «квартал сўнггига қадар ўзгариш бўлмаса, барча лавозимидан кетиши»дан огоҳлантирган.

2021 йил октябрь сўнггида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоятлар рейтинги (ОАВда ҳокимлар рейтинги деб ёритилган)ни эълон қилди ва унда Навоий вилояти етакчи ўринни эгаллаган.

Нормат Турсунов бугунги лавозимига қадар Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи бўлган. У солиқ тизимида ўз фаолиятини 1994 йили Тошкентнинг Акмал Икромов (ҳозирги Учтепа) туманида солиқ инспектори лавозимидан бошлаган. Турсунов 2010—2017 йиллари Жиззах вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари ва Навоий вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ