Нурафшон шаҳрида ёдгорлик мажмуаси барпо этилади

НУРАФШОНДАГИ ҲИЁБОН ЛОЙИҲАСИ. ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида 2-жахон урушида беш ўғлидан жудо бўлган она, садоқат ва матонат тимсоли — Зулфия Зокировага бағишланган ёдгорлик мажмуаси бунёд этилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар беради.

Зулфия Зокирова Зангиота туманининг Хонобод қишлоғида яшаган. Бу аёл тақдири ҳақида буюк Ғалабанинг 75 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган маросимда президент Шавкат Мирзиёев гапириб ўтганди.

«Турмуш ўртоғи Холмат ака вафот этгач, Зулфия ая ёлғиз ўзи беш ўғил, бир қизни тарбиялаб вояга етказган. Иккинчи жаҳон урушида Исоқжон, Аҳмаджон, Маҳамаджон, Ваҳобжон, Юсуфжон деган бешта азамат ўғлидан жудо бўлган.

Ўзингиз ўйланг, азиз дўстлар, ҳар қандай инсонни ҳам яксон қилиб ташлайдиган бундай оғир зарбага чидаш мумкинми? Лекин матонатли, метин иродали ўзбек онаси бу чексиз кулфатга бардош бера олди.

Уруш туфайли Зулфия Зокированинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолди. Онаизор умрининг охирига қадар сув келса – симириб, тош келса – кемириб, қаҳрамон ўғилларининг азиз хотираси билан, келинлари, набираларининг ҳаёти, юртнинг ташвиш ва қувончлари билан яшади.

Зулфия аянинг меҳр-оқибатли келинлари ҳам ундан ўрнак олиб, унга мадад бўлиб, барчаси ўз ёрига, оиласига содиқ қолди», — деди президент

Тошкент вилояти ҳокимининг фармойишига кўра, Нурафшон шаҳрининг «Нурафшон Бизнес Сити» ҳудудида Зулфия Зокирова ёдгорлик мажмуаси боғини қуришга қарор қилинди. Парк, ўйин ва пикник майдонлари, амфитеатр, терассали ва ёпиқ турдаги кафелар, фавворалар, ташриф буюрувчилар учун қулай ўриндиқлар ва яшил ҳудудлар, пиёдалар ва велосипедчилар учун қулай йўлаклар, болалар майдончаларидан иборат ушбу йирик мажмуа 2.97 гектар майдонда бунёд этилади.

Лойиҳа учун 28,4 млрд сўм ($2,6 млн) ажратилган. Унинг қурилиши билан тендерда ғолиб бўлган компания шуғулланади.

«Нурафшон Бизнес Сити» ҳудудида Элбек номидаги Тошкент вилояти кутубхонаси қурилиши учун 6 миллиард сўм ($563 минг) маблағ ажратилган. 1,1 гектар ер майдонида замонавий 3 қаватли кутубхона қурилиши режалаштирилган бўлиб, иншоот функционал зоналар ва компьютер ускуналари билан жиҳозланади.

2017 йили Нурафшон шаҳри Тошкент вилоятининг маъмурий марказига айланди ва бу ерга вилоят ҳокимлиги кўчирилди. Ўшанда давлат раҳбари пойтахтдан бу шаҳарга тез қатнов автомагистраль қурилишини маълум қилди. 2020 йили Нурафшон шаҳрига метро қатнови йўлга қўйилиши эълон қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ