Марғилондаги масжид биноси бузилганлиги ҳолати юзасидан жиноий иш қўзғатилди

«Хўжа Порсо» масжидининг ички кўриниши. Uzbekistan360.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Бош прокуратураси Марғилон шаҳридаги «Хўжа Порсо» масжидининг тарихий биноси бузилганлиги ҳолати юзасидан Фарғона вилояти маданий мерос бошқармаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғади. Бу ҳақда Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Телеграм-каналида хабар беради.

Жиноят иши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 132-(Моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) ва 205-(Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) моддалари билан қўзғатилган. Айнан ким ва нечта шахс устидан иш қўзғатилгани тўғрисида маълумот берилмаган.

XIX асрда қурилган «Хўжа Порсо» масжиди Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрь қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. Масжиднинг бузилгани ва унинг ўрнига янги бино қурилаётгани тўғрисида журналист Элмира Тухватуллина 20 октябрда хабар берганди.

Ҳокимликка кўра, масжид биноси хом ғиштдан барпо этилган бўлиб, бино деворлари ёрилган, пойдеворнинг чўкиб кетгани кузатилган. Фарғона вилояти ҳокимлиги бинони реставрация ёки реконструкция қилиш имкониятлари йўқлиги сабабли, эски масжид ўрнида 1500 ўринли бўлган барча қулайликларга эга замонавий янги масжид биноси қурилаётганини маълум қилди. Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги Марғилондаги «Хўжа Порсо» масжиди бузилиши бўйича хизмат текширувлари олиб борган. Унга кўра, «бинонинг тарихий бош тархи тақдим этилмаганлиги, янги ва эски биноларни бир-бири билан мутаносиблиги ишлаб чиқилмаганлиги ҳамда лойиҳа ташкилоти лицензиясиз кенгашга тақдим этилгани сабабли лойиҳа таклифи Илмий-эксперт кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан рад этилган».

Шунингдек, масжид ҳудудида миллий рўйхатдаги Республика аҳамиятига эга бино мажмуаси сақланган ҳолда, бинонинг янги бош режаси тақдим қилиниши юзасидан кўрсатма берилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ