Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси Ўзбекистондаги яхши ва ёмон кўрсатгичга эга мактаблар ўнталиги рейтингини эълон қилди.
Умумий ўрта мактаблар рейтингида юқори ТОП-10 ликдан Навоий шаҳридаги 11-сонли, Паркент туманидаги 5-сонли, Миробод туманидаги 60-сонли, Давлатобод туманидаги 58-сонли, Учқудуқ туманидаги 20-сонли, Поп туманидаги 64-сонли, Нарпай туманидаги 6-сонли, Зарафшон шаҳридаги 1-сонли, Косон туманидаги 72-сонли ҳамда Фурқат туманидаги 34-сонли мактаб ўрин олди.
Сўнгги ўринларда эса Оҳангарон тумани 43-сонли, Риштон туманидаги 56- ва 55-сонли, Деҳқонобод туманидаги 54-сонли, Қарши шаҳридаги 41-сонли, Тўрткўл туманидаги 52-сонли, Қуйи Чирчиқ туманидаги 42-сонли, Амударё туманидаги 61-сонли, Қарши туманидаги 70-сонли ва Деҳқонобод туманидаги 38-сонли мактаб эканлиги маълум бўлди.
Рейтинг тузилишида қуйидаги омиллар инобатга олинган: мактаб битирувчиларининг ОТМларга кириши кўрсатгичи (35 балл); 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси (25 балл); олий ва биринчи тоифа ўқитувчилари улуши (20 балл); ўрта таълим муассасаларидаги ўқувчи ва педагоглар ўртасида олиб борилган сўров натижалари (20 балл).
Таъкидлаш жоиз, 2019 ва 2020 йиллари биринчи ўринни эгаллаган Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги № 27 мактаб ва Нукусдаги № 48 мактаб бу йили яхши мактаблар ўнталигига кирмаган. Бу йилги рўйхатда муқаддам иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган мактаблар ҳам йўқ.
Жорий йили рейтинг тузишда Ўзбекистондаги 207 та шаҳар ва туманларда жойлашган 9622 та мактаб фаолияти кўриб чиқилган. Жами республикада 10 008 та мактаб бор, яъни рейтинг ўрта таълим муассасаларининг 96 фоизини қамраб олган. 2019 йили рейтинг тузишда 956 та мактаб, яъни Ўзбекистондаги 10 фоиз мактаблар ҳисобга олинган эди. 2020 йили жами мактабларнинг 20 фоизи қамраб олиниши кўзда тутилганди, лекин пандемия туфайли бу ишларни амалга оширишнинг иложи бўлмаган. Натижада рейтингда яна 10 фоиз мактаб иштирок этган.
Ҳозирда таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси академик лицейлар рейтингини тайёрлаш билан шуғулланмоқда.