Айрим вилоятларда пахта теримчиларга устама ҳақ тўланади

Cgtn.com сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида қўлда терилган пахта хомашёси учун устама ҳақ тўланади. Ҳукумат пахта теримига қўшимча ишчи кучини сафарбар қилиш мақсадида шундай қарор чиқарди.

Ҳукумат қарорига кўра, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида,Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида, Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши туманларида, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Музработ ва Шеробод туманларида пахта хом ашёси йиғим-теримига теримчиларни қўшимча жалб қилиш мақсадида қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун тавсия этилган тариф ставкасига республика бюджети маблағлари ҳисобидан 230 сўмдан устама ҳақ тўланади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг таклифига биноан пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари билан ишсиз ҳамда вақтинчалик банд бўлмаган аҳолидан иборат терим отрядлари раҳбарлари ўртасида мавсумий ишга қабул қилиш бўйича фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари тузилади, деб хабар беради Norma.uz.

Терим отрядлари раҳбарларига пахта йиғим-терими якунига қадар 2 млн сўм ($188) миқдорида меҳнат ҳақини тўлаш учун қилинган харажатлар пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан жорий йил 1 декабрга қадар тақдим этилган аниқ ҳисоб-китоблар ва буюртмаларга асосан қоплаб берилади.

2021-2023 йилларда Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида тавсия этилган хизмат тарифларидан келиб чиққан ҳолда пахта териш машиналари томонидан терилган ҳар бир тонна пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш хизмат баҳосининг 30%и республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилги пахта йиғим-терими мавсумида ҳукумат қўлда терилган 1 килограмм пахта учун биринчи теримда 1200 сўмдан ($0,11), иккинчи теримда 1500 сўмдан ($0,11) кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўлашни тавсия қилганди. Пахта-тўқимачилик кластерлари мустақил равишда нарх ўрнатиш ҳуқуқига эга, лекин у тавсия этилган нархлардан кам бўлмаслиги керак.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда