Келгуси йили янги массивларда қуриладиган уйларнинг мингтаси эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз аёллар учун давлат томонидан сотиб олинади. Бунинг учун, қурилиш ташкилотларига 220 миллиард сўм ($20,5 млн) олдиндан ўтказиб берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ведеоселектор мажлисида маълум қилди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати. Президент эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашиш, бошланғич бадал ва фоизлар бўйича субсидия бериш муҳимлигини таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда республикада ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан ортиқ хонадонли уй-жойлар барпо этилган. Шу билан бирга, бу ишларни давом эттириш зарур, зеро мамлакатда ҳар йили 300 мингга яқин никоҳлар қайд этилмоқда. Келгуси беш йилда аҳоли сони 38 миллионга етиши кутилмоқда.
Ҳар бир ҳудудда барпо этиладиган «Янги Ўзбекистон» массивлари бунда муҳим ўрин тутади. 2022 йилда уларда 250 мингдан зиёд оила уй билан таъминланади. Президен «Янги Ўзбекистон» массивлари комплекс ривожланиш тамойили асосида барпо этилиши кераклигини таъкидлаган. Яъни, ҳар бир массивда саноат лойиҳалари, хизмат кўрсатиш объектлари ва ижтимоий инфратузилма бир вақтда қурилади. Қурилиш вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга, ҳар бир ҳудудда ер майдонларини аниқлаб, уларнинг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди. Келгуси йили Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 40 та шундай замонавий мавзе барпо этиш мўлжалланган. Келгуси беш йилда уларда 250 мингдан зиёд оила уй билан таъминланади.
Мирзиёев келгуси йилдан цемент ишлаб чиқарувчилардан фойда солиғи 20 фоиздан 15 фоизгача, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 2 бараварга камайтиришини маълум қилди. Шунингдек, цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилади. Булар ҳам уйлар нархи сезиларли тушишига сабаб бўлади.
Таъкидлаш жоиз, Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида реновация дастурлари асосида шаҳарларда эскирган уйлар ўрнига 19 миллион квадрат метрдан ортиқ замонавий уй-жойлар барпо этилиши, 275 мингдан зиёд оила янги массивларга кўчиб ўтишини вада қилганди. Президент инсон қадрини улуғлаш, муносиб турмуш шароитлари яратиш ҳукуматнинг асосий мақсади бўлишини таъкидлаганди.