Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Ойбек» чегара божхона пости ходимлари томонидан 156 кг миқдорда гиёҳвандлик воситалари қўлга туширилди. Тақиқланган модда Тожикистондан Ўзбекистон орқали транзит тарзда Россия Федерациясига йўл олган 21 тонна узум ортилган юк машинасидан топилди, деб хабар беради Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Транспортга ортилган узумлар туширилгач, тиркаманинг пол қисми очиб кўрилган. Унда яширин бўлмалар ҳосил қилиниб, улар орасига яшил рангли елим идишлар полиуретан кўпик ёрдамида зичлаб жойлаштирилган. Натижада 141 дона елим идишларда 156 кг.га яқин гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланган. Ўтказилган тезкор тадбир давомида 149,76 кг. «гашиш», 4,44 кг. «опий» ва 1,52 кг. «героин» гиёҳвандлик моддалари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Бундан аввалроқ, октябрь ойи ўрталарида Душанбеда наркотик моддалар айланмаси билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинган эди. Гуруҳ беш нафар Тожикистон ва битта Ўзбекистон фуқаросидан иборат бўлиб, улардан нархи $6 млн.га тенг 500 кг ҳар хил гиёҳванд воситалари қўлга туширилган.
Жиноий гуруҳ узоқ вақт давомида Афғонистондан Тожикистон ва қўшни мамлакатларга гиёҳванд моддаларини олиб ўтиш ва у ердан Европага йўналтириш ишлари билан шуғулланганиб келган. Трансмиллий гуруҳни 46 ёшли душанбелик Азизулло Абдуллаев ташкил этган. Наркотик моддаларни қўшни давлатга ўтказиш билан ўзбекистонлик Азамат Тўлаганов шуғулланган. Термизлик Тўлаганов муқаддам гиёҳванд моддалар айланмаси ва қурол сақлаганликда айбланиб, судланган.