Автомобиллар экспорти икки бараварга ошган

AUTOSTRADA.UZ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистонда 2021 йил январь ойидан сентябрга қадар $242,5 млн суммага жами 25 171 дона автомобиль экспорт қилинган ва бу кўрсатгич ўтган йилга нисбатан 14 036 дона кўп демакдир, деб хабар беради республика Давлат статистика қўмитасининг матбуот хизмати.

Автомобилларнинг деярли 96%, яъни 24 137 донаси Қозоғистонга сотилган. Spot.uz маълумотларига кўра, ҳар ойда бу мамлакат ўзбек автосининг 90 фоизини сотиб олмоқда. Қозоғистонда ўзбек автомобилларига навбат ҳосил бўлган ва у ерда машиналар Ўзбекистонга нисбатан $1000 баланд нархда сотилади.

Харидорлар ичида Украина (448 та автомобиль), Россия (320), Афғонистон (128), Тожикистон (64), Озарбайжон (37), Қирғизистон (30) бор.

Бу давр мобайнида Ўзбекистон 22 мамлакатдан $390,2 млн эвазига 18 150 дона енгил автомобиль импорт қилган. Улар асосан Хитой (4981 дона), Корея (4644), Россия (3386) ва Қозоғистон (2789 ) мамлакатларидан сотиб олинган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон $10,5 млн суммага 558 дона электромобиль сотиб олган. Машиналар тўққизта давлатдан сотиб олинган, уларнинг 89,4 фоизи ёки 499 донаси Хитойга тўғри келади.

Жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида Ўзбекистонда 150 183 дона автомобиль ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилга қараганда 67 588 дона кам кўрсатгич ҳисобланади. Damas ва Laboдан ташқари барча русумдаги автомобилларни ишлаб чиқариш камайган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ