2021 йил январь ойидан августга қадар Россия Ўзбекистонга деярли $12 млн, Қозоғистонга – $35,6 млн миқдорида ҳарбий техникалар етказиб берди. Бу ҳақда РБК нашри РФ Федерал божхона хизмати маълумотларига таяниб хабар беради.
Гап учувчи техникалар, БТР, зенитли ракета комплексларини ўз ичига олувчи сирли тўртта (SSSS) рақамга эга Россия экспорти ҳақида бормоқда.
Федерал ҳарбий техника ҳамкорлиги хизмати (ФҲТҲХ) директори Дмитрий Шугаевга кўра, Афғонистондаги вазият туфайли Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга ҳарбий теҳникалар етказиб беришни тезлаштирган. 2022 йилга белгиланган шартномалар шу йилнинг ўзида бажарилган, деб хабар беради ФҲТҲХ бошлиғи.
«2021 йили биз Қозоғистон ва Ўзбекистонга Су-30СМ самолётлари, Ми-35М вертолётлари , «Бук-М2Э» зенитли ракета комплекслари, БТР-80 ва БТР-82А бронетранспортерларни етказиб бердик. Шунингдек, мазкур мамлакатларга кўпфункцияли «Орлан-10Е» учувчисиз аппаратлари, «Тайфун-К» енгил зирҳли автомобиллари ҳамда отиш қуроллари экспорт қилинди», —деб таъкидлади Шугаев.
У ФҲТҲХ келишувига кўра, ҳарбий техникалар сонини кўпайтириш ёки камайтириш қарори сотиб олувчи томонидан ҳал этилишини маълум қилди.
«Яъни, Афғонистонга чегарадош ҳамкор давлатлар ўз қуролли кучлари учун қанча миқдорда ҳарбий қуроллар кераклигини эҳтиёжидан келиб чиқиб ўзи ҳал қилади. Бизнинг асосий мақсадимиз— ушбу минтақада барқарорликнинг ҳукм суриши ва мажбуриятларимизни ўз вақтида бажаришдан иборат», —деди ФҲТҲХ бошлиғи директори.
2019 йили Ҳарбий техника ҳамкорлиги бўйича ҳукуматлараро мажлисда Ўзбекистон ва Россия РФ давлат кредити ҳисобига Ўзбекистонга янги техникаларни етказиб бериш бўйича келишиб олди. Бундан ташқари, 2025 йилга қадар Ўзбекистон қуроли кучларини замонавий ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича шартнома тайёрлаш режалаштирилган эди.
Шуни таъкидлаш лозим, ҳарбий қудрат бўйича Global Firepower Index рейтингида Ўзбекистон 2021 йили дунёнинг 140 та мамлакати ичида 51-чи ўринни эгаллаган. Қозоғистон ушбу рейтингнинг 61-чи қаторига кўтарилган, Туркманистон 86-чи қаторига тушган, Қирғизистон 93-чи ўринга кўтарилган бўлса, Тожикистон 99-чи ўринга тушиб қолган. Мазкур маълумотлар 2021 йил 3 март ҳолатига нисбатан келтирилган.