2022 йили Ўзбекистонда таълим ва тиббиёт тизимига $6,5 млрд миқдорида маблағ йўналтирилади

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон давлат бюджети лойиҳасида 2022 йили таълим ва тиббиёт тизимига 58 трлн сўм ($5,4 млрд) ажратилиши кўзда тутилган. Президент Шавкат Мирзиёев бу маблағга қўшимча тарзда яна 12 триллион сўм ажратиш таклифини билдирди. Чунки ҳудудлардаги эҳтиёж ва аҳоли талабидан келиб чиқиб, келгуси йилда 55 та янги дастур амалга оширилиши белгиланган, деб хабар беради давлат раҳбари матубот хизмати 2022 йил учун солиқ тушумлари ҳамда бюджет параметрлари юзасидан ўтказилган йиғилишга таянган ҳолда.

Юқорида келтирилган рақамлар тасдиқланса, 2022 йили таълим ва тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан 70 трлн сўмга яқин ($6,5 млрд) маблағ йўналтирилади. 2021 йили ушбу соҳаларга 33,9 трлн сўм ($3,2 млрд) ажратилиши кўзда тутилган эди. Жорий йилда бюджет сарфлари учун ҳукумат томонидан 149,9 трлн сўм ($14 млрд) ажратилган, келаси йил бу рақам 163,7 трлн сўмгача ($15,3 млрд) ортиши мумкин.

Олий таълим тизимида бакалавр йўналишида давлат грантлари, магистратура ва докторантурага қабуллар сонини ошириш, давлат-хусусий шериклик асосида ётоқхоналар қуришга субсидия бериш ҳамда 80 мингдан ортиқ талабалар ижара харажатларининг бир қисмини қоплаш кўзда тутилган. Ўзбекистон ҳукумати чекка жойларда 1 минг 600 та болалар боғчаси ташкил этиш, Миллий таълим дастури доирасида 40 та янги мактаб қуриш ва 235 тасини таъмирлаш, дарсликларни янгилаш ҳамда компьютер синфлари очиш каби кўплаб чора-тадбирларни амалга оширади.

Тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш ҳамда ҳудудларда юқори технологик тиббий хизматларни жорий этишга келгуси йилда жами 8 триллион сўм ажратилиши мўлжалланмоқда. Шундан 1 триллион сўми ($94 млн) онкогематология, эндокринология, буйрак ва жигарни кўчириш каби дастурларга йўналтирилади. Коронавирусга қарши эмланганлар сонини 17 миллион нафарга етказиш, эҳтиёжманд аҳолига ихтисослашган тиббий хизматлар учун ҳам зарур маблағ ажратилади.

Мирзиёев муаллим ва шифокорларнинг ойлик иш ҳақини босқичма-босқич ошириш зарурлигини таъкидлаб, бунинг учун қўшимча маблағ йўналтиришни таклиф қилди. Бундан олдин президент ўқитувчилар ойлигини $1000 га етказиш борасида бир неча бор таъкидлаган эди. Бу ишлар қачон амалга ошиши — номаълум.

2022 йили уй-жойлар ва ижтимоий объектлар қуриш, маҳаллаларни обод этиш чора-тадбирлари учун 26 триллион ($2,4 млрд) сўм ажратилиши режалаштирилган.

«Бу соҳаларга шу кунгача бундай катта маблағ берилмаган. Энди буни тартибли, самарали тарзда жой-жойига етказиш керак. Шунинг учун ҳар бир дастур бўйича ажратиладиган маблағларни мақсадли кўрсаткичлар билан боғлаган ҳолда, электрон назорат тизимини жорий этиш лозим», — деди Мирзиёев.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ