Ўзбекистонда шахсга доир маълумотлар муҳофазасини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Pixabay.com сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилишини кўзда тутувчи қонунни имзолади. Қонун 2022 йил 30 январда кучга киради ва шундан сўнг ҳозирда чекланган ижтимоий тармоқлар (TikTok, Twitter, VK ва бошқалар) маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин, деб ёзади «Газета.uz».

Жиноят кодексининг 141−2-моддасига («Шахсга доир маълумотлар тўғрисида қонунчиликни бузиш») киритилган ўзгартиришга кўра, талабларга риоя этмаслик учун БҲМнинг 150 бараваригача (40 млн 500 минг сўмгача) миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, шунингдек 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилади. Ҳозирда максимал жарима 50 БҲМ (1 БҲМ 270 минг сўм,ёки $25)ни ташкил этади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмига биноан БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача (40 млн 500 минг сўмдан 54 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари, ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан чеклаш, ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46−2-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, мазкур қонунбузарлик учун фуқароларга БҲМнинг 7 баравари (1 млн 890 минг сўм), мансабдор шахсларга эса 50 баравари (13 млн 500 минг сўм) миқдорида жарима солинади.

Шу йил май ойида Давлат назорат инспекцияси («Ўзкомназорат») Facebook Inc., Google, Mail.ru, Microsoft, Telegram, Tencent Wechat, TikTok, Twitter, Яндекс компанияларига мактуб жўнатиб, унда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотлари сақланаётган серверлар республика ҳудудига кўчирилиши талаб қилган.

Июнь ойида депутатлар шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгиладилар. Июль ойи бошида

«Ўзкомназорат» талабларга риоя қилмаган айрим ижтимоий тармоқлар фаолиятини «секинлаштирган» эди. Шундан сўнг Ўзбекистонда мобил VPNга талаб кучайиб кетганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ