Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида қалбаки пул тайёрлаш билан шуғулланган гуруҳ қўлга олинди, деб хабар беради «Даракчи» газетаси.
Янгийўл шаҳрига кўчиб келган 28 ёшли қашқадарёлик йигит онаси ва фуқаролик никоҳидаги аёли билан биргаликда қалбаки миллий валюталар тайёрлаш билан шуғулланган. Тошкент вилояти Давлат хавфсизлик бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари жиноятчиларни қўлга олганлар.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида улардан 19,6 млн. сўм миқдоридаги 196 дона қалбаки 100 минг сўмлик купюра, 2 та компьютер, 2 та рангли принтер, қоғоз кесиш ускунаси ва бошқа ашёвий далиллар расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, мазкур хонадонда 1 дона пневматик тўппонча борлиги ҳам аниқланиб, тегишли тартибда олиб қўйилган.
Бундан ташқари, қалбаки валюта сотиб олиш учун келган Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида яшовчи, муқаддам судланган 2 нафар шахс ҳам ҳибсга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.