БМТ Афғонистонда гуманитар юкларни тарқатиш учун нақд пуллар етишмаётганини маълум қилди

Ariana News сайти фотосурати

БМТ Афғонистон ҳудудида гуманитар юкларни тарқатиш учун етарлича нақд пуллар олмаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Ariana News телеканали ташкилотнинг расмий баёнотига таяниб хабар беради.

Афғонистонда қиш мавсуми яқинлашган сари миллионлаб одамларда озиқ-овқат билан боғлиқ вазият кескинлашмоқда.

«9 миллион афғоннинг «очлик жарлиги»га қулашига бир қадам қолган», — дейди БМТ Қочқинлар бўйича бошқармаси вакили Бабар Булуж.

Мамлакат аҳолисининг аксарияти — 22,8 млн одам озиқ-овқат танқислигига дуч келган, беш ёшгача бўлган 3,2 млн бола тўйиб овқатланмайди.

Ҳукуматни «Толибон»* радикал ҳаракати эгаллаб олганидан сўнг мамлакатда танглик ҳолати юзага кела бошлади. Кўпгина гуманитар ташкилотлар толиблар билан ишлашдан бош тортди, натижада Афғонистонда озиқ-овқат ва дори-дармонларни олиб кириш ва тарқатиш тизими мутлоқ издан чиқди, АҚШ террорчилар фойдаланмаслиги учун америка банкларида сақланаётган афғон ҳукумати маблағларини музлатиб қўйган.

Мамлакатда нақд пуллар етишмайди. Толиблар афғонларнинг банкдан пул ечиб олишини чеклаб қўйдилар. Шунинг учун гуманитар ёрдамларни етказиб бериш учун ёлланган маҳаллий аҳоли меҳнати учун нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш мушкул бўлиб қолган.

Аввалроқ, БМТ муҳтож афғонларга нақд пуллар тарқатиш режасини ишлаб чиқаётганини маълум қилганди. Бу борада толиблар билан келишиш, лекин уларни пул тарқатиш ишларига йўлатмаслик кўзда тутилганди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ