Йигирма йил ичида Ўзбекистонни бир миллиондан ортиқ одам тарк этган

Spiegel.de сайти фотосурати

2000-2020 йиллар оралиғида 1 миллиондан ортиқ Ўзбекистонда доимий яшовчилар хорижга кўчиб кетган. Давлат статиcтика қўмитасининг Kun.uz сўровига берган жавобида мана шу ҳақда сўз боради.

Ўзбекистондан кўчиб кетганлар 1 107 584 кишини ташкил этган. Энг кўп доимий яшовчи аҳоли Ўзбекистонни тарк этган давр 2005 йилга тўғри келади, бу пайтда 104 991 киши мамлакатдан кўчиб кетган. Энг кам кўчиб кетиш даври эса 2019 йил ҳисобланади, бу йилда 13229 киши мамлакатни тарк этган.

2021 йил январдан сентябрга қадар Ўзбекистонни 19 658 та одам тарк этган. Уларнинг аксарияти, яъни 10 859 нафар ўзбекистонлик Қозоғистонга кўчиб ўтган. Россияга 5 946 та, Тожикистонга — 709 та, Қирғизистонга – 448 та, Туркманистонга – 400 та ва бошқа мамлакатларга 1 296 та одам кўчиб кетган.

Ўзбекистонга хориждан кўчиб келганлар 2000-2020 йиллар оралиғида 99 341 нафарни ташкил этади. Бу даврда энг кўп кўчиб келувчилар 2005 йилга тўғри келган – 7179 киши.

Энг кам кўчиб келиш эса 2020 йилга тўғри келади. Пандемия даврида Ўзбекистонга 1 105 киши кўчиб келган.

2021 йил январдан сентябрга қадар Ўзбекистонга 1345 та одам кўчиб ўтган. Улардан 455 таси Қозоғистондан, 270 таси Тожикистондан, 242 таси Россиядан, 81 таси Қирғизистондан, 51 таси Туркманистондан, 246 таси бошқа давлатлардан кўчиб келган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ