Ўзбек режиссёри кинофестивалда иккита мукофотни қўлга киритди

ЎЗА САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида бўлиб ўтган «48 Hour film race» фестивалида ёш режиссёр Шокир Холиқовнинг «Месси» қисқа метражли фильми бир вақтнинг ўзида икки мукофотни қўлга киритди. У «Энг яхши фильм» ва «Энг яхши драма» номинациясида ғолиб топилди, — деб хабар еради ЎзА.

Фестиваль АҚШнинг Қозоғистондаги дипломатик миссия томонидан ташкил этилган. Бу йили у олтинчи бор ўтказилди. Жорий йил фестивалга Марказий Осиё мамлакатларидан 976 тадан ортиқ ариза қабул қилинган, 220 тадан ортиқ фильм топширилган. Энг кўп кино тақдим этган қозоғистонликлар бўлди. Улар фестивалга – 135 та, қирғизистонликлар 54 та, ўзбекистонликлар 22 та, тожикистонликлар 15 та ва туркманистонликлар 5 та картина топширган.

Фестиваль қоидаларига кўра, фильм танловга старт берилгандан сўнг 48 соат ичида суратга олинган бўлиши лозим. Асосий қаҳрамон югураётган одам бўлиши, кадрда «30» рақами акс этиши, сув предметидан фойдаланиш ва »Ҳа, осон» жумласи ишлатилиши лозим. Энг муҳими, қисқа метражли фильм 4 дақиқадан ошмаслиги керак.

Иштирокчилар картиналари 12 та номинацияда баҳоланди. Қозоғистонлик суратга олиш гуруҳи еттита номинацияда, қирғизистонликлар учта, ўзбекистонликлар иккита номинацияда ғолиб бўлдилар. «Месси» қисқа метражли фильми «Энг яхши фильм» — Нью-Йорк киноакадемиясига ўқиш учун йўлланма ва «Энг яхши драма» дипломи, стауэтка билан тақдирланди.

Шокир Холиқов. ЎзА сайти фотосурати

«Месси» қисқа метражли фильми Афғонистондан бошқа давлатга қочаётган ака-ука ҳақида. Муртазо, яъни Месси бошқа давлатда тинч, осуда яшашни истайди. Охири мақсадига етади», — деб ёзади ЎзА.

Ёш режиссёрнинг «Бизни тушунишмайди» ва «Чой» фильмлари ҳам бор. 15 дақиқалик «Чой» қисқа метражли фильми кўплаб халқаро танловларда юксак ўринларни эгаллаган. Жумладан, картина 2019 йил 72-халқаро Канн фестивалининг олий мукофоти — Гран-прини қўлга киритган. Шокир Холиқов Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ