2022 йилдан бошлаб Ўзбекистонда мева-сабзавот ҳосили иқлим хавфидан суғурталанади. Президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор мажлисида шу ҳақда гапириб ўтди.
Суғурта компаниялари ўртасида танлов ўтказилади. Экспорт шартномаси бўлган кластер ва фермерларга суғурта мукофотининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига мева-сабзавотчилик кластерлари ва қайта ишлаш корхоналарини инфратузилма билан таъминлаш, давлат-хусусий шериклик асосида агрологистика марказлари барпо этиш бўйича топшириқлар берилди. Қишлоқ хўжалиги жамғармаси томонидан мева-сабзавотчилик кластерларига айланма маблағи учун, жамғарма ҳисобидан 1 йил муддатга 10 фоиздан кредит ресурслари ажратилади.
Республикада 200 минг гектар паст ҳосилли пахта ва ғалла майдони қисқартирилиши режалаштирилган. Бу майдонлар аҳолига танлов асосида, узоқ муддатли ижарага берилади. Мирзиёев эҳтиёжманд оилаларга алоҳида эътибор қаратиш, уларга деҳқончилик сирларини ўргатиш ва кўмаклашиш кераклигини таъкидлади. Бунинг учун 100 миллион сўмгача бўлган мева-сабзавотчилик лойиҳаларига «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури шартлари асосида кредит берилади.
Мажлисда қишлоқ хўжалиги техникаларини янгилаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Бу борада фермер ва кластерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, келгуси йилдан бошлаб, техника сотиб олиш бўйича кредитларнинг 10 фоиздан юқори қисми давлат томонидан қоплаб берилиши белгиланди. Жумладан, импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан 3 йил муддатга озод этилади. Бунинг натижасида кластер ва фермерлар техникани 35 фоизгача арзон харид қилиш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари, лазерли текислаш, ҳосилдор ва касалликларга чидамли янги навларни экиш, уруғчиликни ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни қўллаш учун ҳам имтиёзлар берилади.
Ушбу мақсадлар учун йилига жами 25 триллион сўм ($2,3 млрд) йўналтирилиши кутилмоқда.