Ўзбекистонда 1 дан 30 ноябрга қадар «Кексалар учун туризм ойлиги» ўтказилади. Унинг доирасида саёҳат қилувчилар учун чегирмалар ва акциялар эълон қилиниши кўзда тутилган, деб хабар беради ЎзА агентлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига таянган ҳолда.
Жумладан, «Uzbekistan Airways» АЖ томонидан 1-30 ноябрь кунлари ички авиа йўналишлар учун эркаклар учун 60 ёшдан юқори ва аёллар учун 55 ёшдан юқори бўлган кексалар учун эконом ва бизнес тоифаларининг жорий нархларига 25% миқдорда ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан Республика ичидаги амалдаги тарифларга 10% миқдорда ҳамда «Uzautotrans Service”»МЧЖ томонидан маҳаллий йўналишларда қатновчи автобус чипта нархларига 15% миқдорда ихтиёрий чегирмалар берилди.
«Кексалар учун туризм ойлиги» жами 56 минг 228 нафардан ортиқ кексаларни қамраб олган бўлиб, шундан 10 151 тасини кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийлар ташкил этган. Улар республикадаги диққатга сазовор тарихий ва муқаддас қадамжоларга ташриф буюрадилар, маданий-маърифий тадбирларда иштирок этадилар.
Туризм ойлиги доирасида «Ҳар куни 5 минг қадам» шиори остида пиёда юриш марафонлари уюштирилади.
«Кексалар учун туризм ойлиги» Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда ўтказилади.