Афғонистонда ташкил этилган муваққат ҳукуматнинг Мудофаа вазири мулла Муҳаммад Ёқуб илк бор журналистлар олдида кўриниш берди. TOLOnews телеканалининг аниқлик киритишича, у 27 октябрь куни Қобулдаги шифохоналарнинг биридаги тадбирда қатнашган ва афғон ишбилармонларини мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига сармоя киритишга чақирган.
Муҳаммад Ёқуб — «Толибон»* ҳаракатининг асосчиси ва биринчи раҳбари мулла Умарнинг ўғли бўлади.
У Карачи (Покистон)даги бир неча диний муассасаларда таълим олган. 2016 йили Ёқуб биринчи бор «Толибон»да раҳбар лавозимини эгаллайди. У Афғонистондаги 15 та вилоят ҳарбий комиссиясининг раҳбари этиб тайинланади. Шунингдек, у толибларнинг олий раҳбарият кенгаши сафига киритилади. Кейинчалик Муҳаммад Ёқуб радикал ҳаракат раҳбари Ҳайбатулла Охунзоданинг иккинчи ўринбосари этиб тайинланади.
Муҳаммад Ёқуб 2020 йил майда толиблар ҳарбий комиссиясининг раҳбари лавозимини эгаллайди. Жорий йилнинг 7 сентябрида Муҳаммад Ёқуб Афғонистон муваққат ҳукуматининг Мудофаа вазири этиб тайинланади.
Шуни қўшимча қилиш лозим, 2016 йилдан бери «Толибон»нинг олий раҳбари саналган Ҳайбатулла Охунзода ҳозирги ҳукумат таркибида йўқ. Айрим экспертларнинг таъкидлашича, Охунзода аллақачон ўлган ёки ўлдирилган, чунки у 15 августда толиблар ҳукуматни эгаллаганидан бери бирор марта кўриниш бермаган.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).