«Ўхшатишимиз қўпол чиқар, аммо Нидерландияда бундай майдонга итларни ҳам сайрга олиб чиқишмайди!», -деди «Пахтакор» бош мураббийи Питер Хюистра Жиззахдаги футбол майдонини кўриб. Мураббийнинг танқидий фикри клубнинг расмий сайтида берилган.
24 октябрда Жиззахда “Сўғдиёна” билан бўлиб ўтган ўйиндан сўнг, «Пахтакор» бош мураббийи унга икки нарса маъқул келмаганини айтди.
«Бу шунчаки ёмон эмас, жуда ва жуда ёмон ҳолатдаги майдон! Ўхшатишимиз қўпол чиқар, аммо Нидерландияда бундай майдонга итларни ҳам сайрга олиб чиқишмайди! Мухлислар биринчи ва иккинчи ўриндаги жамоалар иштирокидаги ўйинда чиройли футбол кўрмадик деб эътироз билдириши мумкин, лекин аввал майдонга боқиш керак. Сифатли футбол нега бўлмаганини майдон айтиб турибди. Майдон бўлмаса ҳеч қачон сифатли футбол ва футболнинг ўсиши бўлмайди!— деди Хюистра.
У «майдон — суперлиганинг юзи» эканини таъкидлади.
«Ўтган мавсум майдонлар ҳолати яхши эди, аммо бир йил ичида нима бўлди-ки биз охирги пайтларда сафарда фақат ёмон майдонда ўйнаяпмиз. Агар мен ишлаётган клубда шундай майдон бўлганида ўзимни ноқулай ҳис қилган бўлардим», — деди «Пахтакор» бош мураббийи.
«Яхши майдонлар иқтидорли футболчиларнинг ўсиб боришига ёрдам беради. Бундай майдонларда ёш футболчилар ўсмайди», — дейди мураббий.
Хюистра «Турон» футбол клубининг майдонини мақтади (Фарғона вилояти Яйпан шаҳри клуби).
«Бу жамоа нега кўп очко жамғармаяпти, биласизми? Сабаби улар сафарга боришади ва ёмон майдонда ўйнашади»,
— дейди мутахассис.
Питер Хюистра 2021 йил январь ойидан бошлаб «Пахтакор» бош мураббийи вазифасида иш юрита бошлади. Бунга қадар у шу клубнинг мураббий ёрдамчиси бўлган. Хюистра 2001 йили футбол карьерасини якунлаб, мураббийлик қила бошлайди. У «Глазго Рейнджерс» шотланд клубида тўп сурган ва клуб беш марта мамлакат чемпиони бўлган. Шунингдек, у Голландия, Шотландия, Япония ва Бельгия чемпионатларида иштирок этган. Питер Хюистра 413 та ўйинда иштирок этиб, 78 та гол киритган. Моҳир футболчи 1988-1991 йиллари Голландия терма жамоаси сафида саккизта ўйинда иштирок этган.