Талаба қизга тегажоғлик қилган декан ўринбосарига нисбатан жиноий иш қўзғатилган

Kun.uz сайти фотосурати

Низомий номидаги Педагогика давлат университетининг Ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Юлдашев Боғабек қўлга олинган. Учинчи қурс талабаси Юлдашевни тегажоқлик қилишда, қизни деразадан итариб ташлаганликда айбламоқда. Kun.uz нашрига кўра, декан ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 105, 118-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Nemolchi.uz лойиҳасига Низомий номидаги Педагогика давлат университети 3-курс талабаси Камилова Муштарийбону мурожаат қилган. Жорий йилнинг 18 октябрь куни у Зулфия мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Юлдашев Боғабек хонасига киради. Б.Юлдашев кутиб туришини сўрайди. Қизнинг айтишича, хонадан ҳамма чиқиб кетгач, декан ўринбосари чарчаганлигини айтиб, унга қаҳва дамлаб беришни сўрайди. Қиз қаҳва дамлаш учун чоғланганда эркак эшикни ичкаридан қулфлаб, чироқни ўчиради. Муштарий ниманидир сезгандай яқин дўстига қўнғироқ қилиб, тезроқ етиб келишни сўрайди. Хонадан чиқай деса, эркак уни ушлаб олиб, хонасидаги диванга ётқизмоқчи бўлади.

Қиз қаршилик қилади. Эшикнинг у тарафида эса қизнинг дўсти келиб, эшикни очишни сўрайди. Муштарий амаллаб ойна олдига келиб, ёрдамга чақиради. Шунда қизнинг айтишича, эркак уни деразадан итара бошлайди.

У қанчалик қаршилик кўрсатмасин кучи етмай, ойнадан пастга тушиб кетади. Декан ўринбосари эса деразани ёпиб, жалюзини туширади ва эшикни очади.

Қизнинг дўсти Боғабекни олиб, пастга тушади. Атрофда йиғилганларга Боғабек қиз ойнадан ўзи сакрагани ва уни ўзи шифохонага олиб боришини айтади.

Йўл-йўлакай Боғабек қизга воқеа қандай рўй берганини сўраганларга ойна артаётиб йиқилиб тушганини айтишини тайинлайди. Шу пайт машинанинг орқа ўриндиғида келаётган қизнинг дўсти нима гаплигини сўрайди. Муштарийбону ўзининг деразадан итариб юборилганини айтади”, деб ёзган Nemolchi.uz.

Шифохонада Муштарийбонуга тос суяги синиши, гематомалар ва мия чайқалиши каби ташхислар қўйилган.

Nemolchi.uz ходимлари сўзларига кўра, педуниверситетнинг айрим қизлари аноним ҳолатда «айрим ўқитувчиларнинг қизларга нисбатан тегажоғлик қилиши бўлиб турадиган ҳолат», эканини айтишган. Уларга кўра, «қизлар ўқишдан ҳайдалишдан чўчийди, шунинг учун жим бўлишади, маъмурият эса педагогларнинг бундай «қилмишига» кўз юмади».

ТДПУ раҳбарияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда воқеа юзасидан ўрганиш, суриштирув ишларини олиб бораётганини,мазкур ходиса бўйича расмий муносабат ва қўшимча маълумотлар яқин кунларда берилишини маълум қилади.

«Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талаба-қизларни обрўси, шаъни ва номусига қарши ҳаракатларни қоралайди ва бундай ҳолатларга қарши курашади», — дейилади ОТМ сайтида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ